Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Халқаро футбол федерациясининг (ФИФА) февраль ойидаги рейтингида 1376,5 балл билан икки поғонага — 68-ўриндан 66-ўринга кўтарилди.

21 декабрдан 15 февралга қадар миллий терма жамоа ўртоқлик ва машғулот ўйинида Қирғизистон (4:1) ва Фаластин (1:0) термаларини мағлуб этганди. Шунингдек, Осиё кубоги доирасида Сурия (0:0) ва Австралия (1:1) билан дуранг ўйнади, Ҳиндистон (3:0) ва Таиландни (2:1) мағлуб этди, чорак финалда Қатар билан асосий вақтда 1:1 ҳисобини қайд этди, аммо пенальтилар сериясида мағлуб бўлди (2:3).

fifa, фифа, футбол

Миллий терма жамоа Осиё рейтингида 8-ўринга кўтарилиб, БААни (69) ортда қолдирди. Осиёнинг энг кучли 10 та терма жамоаси қаторига, шунингдек, Япония (дунёда 18-ўрин), Эрон (20), Жанубий Корея (22), Австралия (23), Қатар (58-ўриндан 37-ўринга кўтарилди), Саудия Арабистони (53), Ироқ (59) ва Иордания (70) киради.

Жаҳон рейтингида пешқадамлар ўзгармади: жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси биринчи ўринда (1855,2 очко), Франция терма жамоаси иккинчи ўринда (1845,44). Кучли учликни Англия терма жамоаси якунлаб берган (1800,05).