13 февраль куни Тошкент шаҳрида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Глобал экологик фонд (ГЭФ) раҳбари Карлос Родригес ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Февраль ойи бошида ГЭФ кенгаши Экотизимни тиклаш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш ва мустаҳкамликни ошириш учун Марказий Осиё сув ва қуруқлик алоқалари (CAWLN) минтақавий дастури лойиҳаларига 26 миллион доллар ажратди.

Умумий қиймати 18,6 млн доллар бўлган бешта лойиҳадан тўрттаси Ўзбекистон иштирокида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги (ФАО) кўмагида амалга оширилади. Уларга қуйидагилар киради:

  • Марказий Осиёнинг заиф экотизимларида ерларни тиклаш;
  • Амударё, Зарафшон, Панж, Сирдарё ва Норин дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини комплекс бошқаришни кучайтириш;
  • экотизимлар ва биохилма-хилликни сақлашни яхшилаш учун табиий ресурсларни комплекс бошқариш.

«Марказий Осиё вазирлари экотизимларни тиклаш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича минтақавий ҳамкорликка тайёр. Бешта давлат бир-бирига боғланган, Марказий Осиё минтақаси эса бир экотизимдир», — деди Азиз Абдуҳакимов.

ГЭФ раҳбари Ўзбекистон ҳукуматига Марказий Осиё минтақасидаги заиф экотизимларни муҳофаза қилиш ва сақлаш бўйича ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди.

Музокаралар чоғида очиқ денгиз бўйича халқаро шартнома, Central Asian Green University билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.