Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида шаҳвоний шилқимлик қилган икки эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд қарорлари билан танишди.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг тегишли ҳужжатига кўра, Тошкент шаҳрида 2024 йил 10 февраль куни соат 19:30 ларда 2004 йилда туғилган қиз кафега отасини туғилган куни сабабли ташкил этилган тадбирга бориш учун такси буюртма берган. У такси келганидан сўнг орқа ўриндиққа жойлашиб, манзилга кетиш вақтида ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган А.К. автомашинасининг орқани кўрувчи кўзгуси орқали унга гапириб, унинг ёшини ҳамда эгнидаги либосини гапириб, ҳар хил шаҳвоний сўзлар билан унга шилқимлик қилган. Шундан келиб чиқиб, жабрланувчи суддан айбланувчига қонун доирасида қатъий чора кўришни сўраган.

Ҳуқуқбузар А.К. суд мажлисида, ҳақиқатдан ҳам қизнинг ёшини, ишлаш жойини ҳамда кийимларини гапирганини, билмасдан ушбу ҳаракатни содир қилганини, жабрланувчидан кечирим сўраб, афсусдалигини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Суд А.К. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, унга нисбатан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

А.К.дан маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонаси фойдасига қамалганларни сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида 255 000 сўм ундирилган.

Шунингдек, Хоразм вилояти Боғот туманида 2024 йил 25 январь куни соат 15:57 ларда қиз ўз яшаш уйида ўтирганида, ўзига олдиндан нотаниш бўлган фуқаро яъни 1994 йилда туғилган Д.Х. (эркак) уяли алоқа воситасига бир неча маротаба қўнғироқ қилганини маълум қилган.

Қизнинг айтишича, эркак унга қомати ёқишини ва жинсий алоқада бўлишни таклиф қилиб, унинг учун номақбул бўлган сўзлар айтиб ҳамда шаъни ва қадр қимматини таҳқирлаб, унга шаҳвоний тарзда шилқимлик қилган. Шунингдек, қиз фотиҳаланган бўлгани ҳамда оила аъзолари олдида уятга қўйгани сабабли уни кечирмаслигини ва унга нисбатан жазо тайинлашда маъмурий қамоқ билан боғлиқ жазо тайинлашни сўраб кўрсатма берди.

Суд мажлисида жабрланувчининг отаси Р.Ю. ҳам қизи ҳозирги кунда фотиҳали бўлгани учун қўни қўшнилари орасида уятга қўйганлиги сабабли Д.Х.ни кечирмаслигини ва унга нисбатан жазо тайинлашда маъмурий қамоқ билан боғлиқ жазо тайинлашни сўраб кўрсатма берди.

Суд мажлисида Д.Х. айбига иқрорлигини, шу кун бироз спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабабли ушбу ҳолат бўлганини, қилмишидан пушаймон эканини, у ва унинг оила аъзоларидан кечирим сўрашини ҳамда ўзига нисбатан жазо тайинлашда енгиллик қилишни сўраб кўрсатма берди.

Суд ҳукмига кўра, Д.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ушбу модда билан 5 (беш) сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, жазо ўталганидан сўнг Д.Х. Урганч шаҳар ИИБ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қабулхонаси фойдасига сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдори (340 000 сўм)нинг 15 фоизи миқдорида, жами 255 000 сўм ундирилиши тайинланди.