Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 13 февралдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси билан Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов таништирди.

Қайд этилишича, ҳозирда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига оид ишларни кўриб чиқиш учун ваколатли шахслар томонидан жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришнинг аниқ муддатларини белгилаш зарурати юзага келган.

Бунда Йўл ҳаракати қоидалари бузилишга оид маълумотлар 48 соат ичида жарима солиш тўғрисида қарор чиқариш ваколатига эга шахсга юборилиши, ваколатли шахс эса 15 кун муддатда жарима солиш тўғрисида қарор чиқариши лозимлиги акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгилаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларининг 107-бандида яъни чапга бурилишда ёки қайрилиб олишда ҳайдовчи тенг аҳамиятли йўлда қарама қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши шартлиги ва бу қоидага трамвай ҳайдовчилари ҳам ўзаро амал қилишлари шартлиги белгиланган. Лекин бу талабни бузганлик учун кодексда жавобгарлик мавжуд эмас.

Шу боис чапга бурилишда ёки қайрилиб олишда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган транспорт воситаларига йўл бермагани учун маъмурий жавобгарлик белгиланиб, кодекснинг 128-моддаси яъни ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги, одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш, юк автомобилларида йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланиш (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно), йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, чапга бурилишда ёки қайрилиб олишда тенг аҳамиятли йўлдан қарама-қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бермаслик жумлалари билан тўлдирилиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, кодекснинг 128-моддаси диспозициясида йўловчиларга лойқа сачратиш учун ҳам жавобгарлик белгиланган. Бироқ йўловчи деганда транспорт воситасидаги шахс ёки транспорт воситасига кираётган ёки чиқаётган шахс тушунилиши белгиланган. Шу боис айнан пиёдаларга лой сачратиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари қонун билан кичик қувватдаги электр двигателли транспорт воситалари ҳамда одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган воситаларни бошқариш жараёнида содир этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилашга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши юзасидан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Ҳайдовчиларга турли хизматлар кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақада уй ҳайвонларини боқиш ёки уларни қаровсиз қолдириш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Депутатлар муҳокамаси

қонунчилик палатаси

Депутат Қодир Жўраев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айни шу моддаларига 2 ой аввал ўзгартириш киритилгани, Сенат муҳокамасидаги ўша қонундаги ўзгартиришлар ҳозир кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида акс этмаганини билдирди.

«Масалан, Сенатга юборган қонунимизда 128-моддага ўзгартиришлар киритиб, одам ташиш қоидаларини бузиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш каби алоҳида моддалар бўйича жавобгарлик киритгандик, уларни моддадан олиб ташлаб алоҳида прим бандлар қўшгандик. Лекин бу ерда ўша чиқариб ташланган ва янги қўшилган прим моддалар бу ерда ўз аксини топмаган. Ваҳоланки иккала қонун лойиҳани ҳам муаллифи битта идора — Ички ишлар вазирлиги. Нега шу ўзгариш ва қўшимчалар бир вақтда ишлаб чиқилмасдан, қисм-қисм қилиб киритиляпти?», — дея савол берди депутат.

Шунингдек, Қодир Жўраев «Сенатда турган қонун бўйича якуний тўхтамга келганимиздан кейин мазкур лойиҳани кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлмайдими?», — деди.

қонунчилик палатаси

Депутат Гулруҳ Аъзамова эса қонун лойиҳасида «Индивидуал ҳаракатланиш воситаси»ни бошқаришда йўл қўйиладиган қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг белгиланиши ҳақидаги қисмига ўз эътирозларини билдирди.

Унинг қайд этишича, бугунги кунда «Индивидуал ҳаракатланиш воситаси» тушунчаси бирор-бир қонунчилик ҳужжатларида очиб берилмаган. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган йўл ҳаракати қоидаларида ҳам «Индивидуал ҳаракатланиш воситалари»ни бошқариш бўйича талаблар ўрнатилмаган.

«Тушунтириш хатида ҳукумат агар мана шу қонун қабул қилинса Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарор лойиҳаси ҳам тайёрланиб қўйилгани ёзилган. Демак олдин қонун қабул қилиниши керак кейин мазкур тушунча ҳукумат қарорида очиб берилиши назарда тутилмоқда. Ўз ўзидан савол туғилади. Агар мазкур тушунча ҳозирги кунда қонунчиликда ўз аксини топиши ҳам шунчалик зарурияти бўлса балки маълум муддат ўтгандан кейин ҳукумат қарори қабул қилинганидан сўнг биз кўрайлик уни, [зарурати қанчалик бор йўқлигини]. Тушунча эртага киритилгандан кейин амалиётда қанчалик татбиққа эга бўлади, кўрайлик, ана ундан кейин, зарурат бўлса, қонунчиликда унинг жавобгарлигини белгилаб қўйсак мақсадга мувофиқ бўлар эди», — деди депутат.

қонунчилик палатаси

Депутат Умида Раҳмонова эса қонун лойиҳасининг уй ҳайвонлари ҳақидаги қисми бўйча саволлари борлигини маълум қилди.

Унинг қайд этишича, амалдаги моддада йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш учун жавобгарлик назарда тутилган. Энди йўлларга ажратилган минтақада уй ҳайвонларни боқиш ёки уларни қаровсиз қолдириш деган ўзгартириш таклиф этиляпти.

«Таклифдаги уй ҳайвонлари тушунчасини тадқиқ қиладиган бўлса уй ҳайвонларига жуда кўп ҳайвонлар киради: ит, мушук, товуқ, қуён, ўрдак. Хуллас, улар жуда ҳам кўп. Назаримда концепцияни қайта кўриб чиқиш керак. Биз ҳамма мушук ёки товуқларни эгасини қидириб, уларни жавобгарликка тортаверсак, назаримда бу қонунни қўллаш амалиётида муаммолар келиб чиқади ва одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлади. Таклифим шундан иборатки, амалдаги норма тўғри турибди. Шунга „қаровсиз қолдирганлик учун“ деган қўшимчани қўшиш етарли бўлади ва бу туғилиши мумкин бўлган эътирозларга ҳам жавоб бўлади», — деди Умида Раҳмонова.

қонунчилик палатаси

Кейинги эътирозни Ойдин Абдуллаева билдирди. Унинг таъкидлашича, кодекснинг 128-моддаси диспозициясига чапга бурилишда ёки қайрилиб олишда тенг аҳамиятли йўлдан қарама-қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бермаслик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Лекин амалда кодекснинг 128−5 моддаси 2-қисмида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

«Яъни лойиҳа билан жавобгарлик белгилаш таклиф этилаётган норма, 128−5 моддада ҳам мавжуд бўлиб, бу борада янги жавобгарлик ўйлаб топишнинг зарурати қанчалик муҳим?», — дея савол берди депутат.

Олим Саидов Вазирлар маҳкамасининг қарори билан ҳайвон тушунчасига таъриф берилгани, у билан жисмоний ва юридик шахслар томонидан асраб кўпайтириладиган, боқиладиган қора моллар, қўйлар, эчкилар, чўчқалар, отлар, эшаклар, туялар, ит ва мушуклар тушунилиши белгиланганини эслатиб ўтди.

қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ҳам қонун лойиҳасидаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 17−1 моддасига учта лойиҳада алоҳида-алоҳида ўзгартириш киритилиши бўйича ўз эътирозларини билдирди.

«Қаранг, учта қонун лойиҳаси бор, уччаласида шу 17-моддага тегяпсизлар. Нима учун битта қилиб бўлмайди шуни? Ҳозир ҳайрон бўлиб туримиз биз ҳам. 17-моддада 48 соатда жўнатмасликни айтяпсизлар, ундан олдингисида фуқаролик ҳуқуқ муносабати [қўшиляпти]. Битта идора ишлаяпти, агар учта идора ишлаб ҳукуматга киритганда биз тушунардик, ўзинглар ишлаяпсизлар, юридик департамент бор, наҳотки, ҳали биттаси ўтгани йўқ, [улардан] биронтаси қабул қилинмасдан туриб сизлар энди янги нарса қўшяпсизлар. Қонунчиликни [палатасини] қийин аҳволга қўйяпсизлар. Нима қилишимиз керак ҳозир. Сенатдан ўтиб президентга борса, президентимиз қўл қўйганларидан кейин эртасига буниси кириб борса… Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, аввал бир моддага ўзгартириш киритиларди, [модда] озгина ишларди, ундан кейин такомиллаштириш учун ўзгартириларди. Олдинги таклифилар ўтмасидан яна ўзгартиряпсизлар», — деди спикер.

қонунчилик палатаси

Шундан сўнг, депутат Илҳом Абдуллаев сўз сўради ва лойиҳанинг уй ҳайвонлари ҳақидаги қисмига эътирози борлигини билдирди.

«Биз ҳуқуқий давлат қуряпмиз. Ҳуқуқий давлатда фуқаролар адолатли тарзда ва мантиқ билан жавобгарликка тортилади. Яъни сиз сабабсиз жавобгарликка тортолмайсиз. Айтайлик, фуқаро мол ёки қўйни йўл қисмида боқса жавобгарликка тортилади. Бу тушунарли ва объектив мантиққа эга. Энди уй ҳайвонларини йўл минтақасида қаровсиз қолдириш[га жавобгарлик киритиляпти]. Биз фуқаролардан нимани талаб қила оламиз? Масалан, йўл яқинда яшовчи фуқаронинг мушуги йўлга чиқиб кетиши оқибатида ЙТҲ содир бўлди. Бунда мушукни қаровсиз қолдирган фуқаро айбдор бўладими? Келинглар аввал қаровсиз қолдириш нима эканини аниқлаб олайлик. Қафасга солиб юриш керакми? Фуқароларга янги шаклдаги жавобгарлик тайинлаш керак эмас», — деди Илҳом Абдуллаев.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Овоз бериш жараёнида депутатларнинг 30 нафари қонун қабул қилиш тарафдори бўлди, 57 нафари қарши, 17 нафари бетараф бўлди. 10 нафари эса овоз бермади. Қонун етарли овоз тўпламагани туфайли рад этилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мажлисда йўл қоидалари бузилганда, автомобилнинг эгаси эмас, уни бошқарган шахс (ижарага берилган шахслар, яқин қариндошлар ва бошқалар) жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан рад этилганди.