Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов таништирди.

Таклиф этилаётган ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 17−1 моддаси 1-қисмига қўшимча ва ўзгартириш киритилиб, жисмоний ва юридик шахсга тегишли бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган тақдирда, транспорт воситаларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланиш ҳуқуқини олган, ҳамда ушбу транспорт воситаларидан фойдаланаётган шахсларнинг ўзлари маъмурий жавобгарликка тортилишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Бунда энди йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори эмас, транспорт воситасини амалда бошқарган шахс (ижарага берилган шахслар, яқин қариндошлар ва бошқа шахслар) жавобгарликка тортилади.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлганлик учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан бир баравари миқдорига камайтириш кўзда тутилмоқда.

Носозлиги бўлган транспорт воситаларини йўлга чиқариш ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорини БҲМнинг уч бараваридан икки бараваригача камайтириш белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасидаги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланган шахс тортилишига оид норма муҳокамаларга сабаб бўлди.

Депутатлар муҳокамаси

Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш таклиф этилди. Аммо депутатлар томонидан ушбу нормага доир турли фикрлар билдирилиб, коррупция ҳолатлари келиб чиқиши мумкинлиги қайд этилди.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов (ўртада)Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов (ўртада)

Хусусан, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов фуқаролик-ҳуқуқий тартиб иборасига эътироз билдирди.

«Фуқаролик-ҳуқуқий тартиб нима дегани? Фуқаролик кодексида очиб берилганми ўзи бу? Қандай тушунилади», — дея савол йўллади спикер.

«Масалан, мени машинам бор, мен мулкдорман. Лекин бошқа шахсга машинамни фуқаролик-ҳуқуқий тузиб, буни миниш учун эмас, балки уни техник кўрикдан ўтказишда ёки уни сотишда ёҳуд кимгадир ижарага бериш ҳуқуқини беришим мумкин. Лекин фоторадарга тушиб қолди. У транспорт воситасини бошқарган эмас. Лекин сизлар ҳозир бемалол маъмурий жавобгарликка тортишинглар мумкин. Агар ҳақиқатдан ижарага олувчи қоидани бузган бўлса жавобгарликка тортишинглар тўғри бўлади, лекин „ёки“ деган сўз ишлатяпсизлар. Сизлар мулкдорни ҳам [жавобгарликка] тортиб қўйишинглар мумкин бўляпти», — деди Исмоилов.

депутатлар, қонун муҳокамаси, қонунчилик палатаси

Депутат Илҳом Абдуллаев ушбу норма киритилишидан аввал юзни аниқлайдиган технологияларни кенг жорий этилиши, ундан сўнг эса қоида бузган транспорт воситасининг ҳайдовчисини аниқлай олиш мумкинлигини таъкидлади.

«Умуман олганда бу қонун йўл-ҳаракати тартиботини яхшилайди. Лекин айни шу моддага (17−1 моддаси — таҳр.) депутатлар эътироз билдиришди. Қандай қилиб айби исботланмаган шахсни жазолаш мумкин? Қачонки юзни таниш технологиялари жорий қилсакгина, жарималар айнан қоидабузарлик вақтида рулда бўлган шахсга келади. Бутун дунёда шундай ишлайди. Бизнинг [Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги] кодексимизда бирон нарсада аниқ айбдор шахс жазоланади ёки унга жарима келади. Лекин ҳеч қачон ҳеч нима қилмай, шунчаки мулкдор бўлганингиз учун сизга жарима солиниши мумкин эмас», — деди депутат.

«Қонунда ёки бунга ёки унга жарима соламиз дейилган, кимга жарима солиш аниқ ёзилмаган. Кимга жарима солиш мумкин бўлса ўшани топамиз — мана қонун нима ҳақда. Юридик нуқтайи назардан қонун жуда саводсизларча ёзилган ва бу ёмон оқибатларга олиб келади», — дея сўзини якунлади Илҳом Абдуллаев.

депутатлар, қонун муҳокамаси, қонунчилик палатаси

Депутат Дониёр Ғаниев эса бу норма жуда зарур эканини таъкидлади.

«Бу асли анча олдин қилиниши керак бўлган нарса эди, тўғри қадам. Асосий ҳуқуқбузарликлар тезликни оширишга оид ҳуқуқбузарликларга оид. Яъни уни фақатгина ўша маҳал ҳуқуқбузар автомобилни бошқараётган ҳайдовчи ҳисобланади, мулкдори ҳисобланмайди. Эҳтимол борки, 90 яшар кампирни номида машина бор. Ҳозир жарималар уни номига келяпти. Биринчидан, бу мантиқсиз. Иккинчидан, баллик тизимга ўтиш тўғрисида муҳокамада турган қонун бор. У қонун қабул қилинадиган бўлса, биз жарима балларини жорий этяпмиз. Унга кўра жарима баллари йил давомида тўпланиб борадида, 12 баллдан ошса [шахсни] ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилади. Шу нуқтаи назардан ҳуқуқбузарликни ким содир этган бўлса, ўша жазога тортилиши керак. Эртага дейлик мулкдорни ўзининг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ, бу ҳолатда қандай қилиб биз балл тизимини қўллаймиз. Ёки дейлик бошқараётган одамда етарлича балл борда унга қўшимча балл қўллаб ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилсада, лекин у мулкдорни номига кетса. Шу нуқтаи назардан бу қонун жуда керак», — деди депутат.

Спикер Нурдинжон Исмоилов қонундаги «жарима ҳайдовчига ёки мулкдорга» жўнатилиши ибораси коррупцияга йўл очиб беришини қайд этди.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Овоз бериш жараёнида депутатларнинг 53 нафари қонун қабул қилиш тарафдори бўлди, 30 нафари қарши, 21 нафари бетараф бўлди. 10 нафари эса овоз бермади. Қонун етарли овоз тўпламагани туфайли рад этилди.

депутатлар, қонун муҳокамаси, қонунчилик палатаси

2022 йил Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов «Газета.uz»нинг автомобиль ижара асосида бошқарилганда қоидабузарлик содир бўлса, жарима баллари кимга ёзилиши ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берганди:

«Яратилаётган мобил иловага автомобиль эгаси ва уни ишончнома орқали (ижара асосида) ким бошқараётгани ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилади. Қоидабузарликни ижара асосида автомобиль ҳайдаётган шахс бузса, лекин жарима бали транспорт эгасига ёзилган тақдирда томонлар қоидабузарликни ким содир этгани ҳақида тегишли ҳужжатларни тақдим этади, шундан сўнг жарима баллари қоидани бузган шахс номига ёзилади», — деганди Саидов.