Ҳар беш кўчиб юрувчи ёввойи табиат турларидан бири иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти оқибатида йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Бу ҳақда БМТнинг кўчиб юрувчи ҳайвонлар ҳақидаги илк ҳисоботида айтилади. Унинг нашр этилиши 12 февраль куни Самарқандда очиб берилган БМТнинг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конференцияси (CMS COP14)га тўғри келди.

Ҳисоботда қайд этилишича, ҳар йили миллиардлаб ҳайвонлар озиқ-овқат излаш ёки кўпайиш мақсадида чўллар, текисликлар, океанлар ёки осмон бўйлаб минглаб километр масофани босиб ўтади. Аммо кўчиб юрувчи турларга нисбатан «барқарор» инсон босими нафақат уларнинг популяциясининг камайишига олиб келиши, балки озиқ-овқат таъминотини бузиши ва турнинг турмуш тарзига таҳдид солиши мумкин.

Ҳисоботда айтилишича, БМТнинг 1979 йилда кўчиб юрувчи ҳайвонларни сақлаш бўйича Бонн конвенцияси қамраб олган 1189 турнинг 44 фоизи камайиб, 22 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида.

Балиқлар билан боғлиқ вазият, айниқса, ташвишли — конвенция рўйхатига киритилган балиқларнинг деярли барча турлари (97 фоиз) йўқолиб кетиш хавфи остида.

Иккита энг катта таҳдид — бу ҳаддан ортиқ эксплуатация ва инсон фаолияти туфайли яшаш жойларининг йўқолиши. Иқлим ўзгариши, ифлосланиш ва инвазив турлар ҳам кўчиб юрувчи турларга сезиларли таъсир кўрсатади.

«Бугунги ҳисобот инсоннинг беқарор фаолияти кўчиб юрувчи турларнинг келажагини хавф остига қўяётганидан далолат беради. Булар атроф-муҳит ўзгаришининг кўрсаткичи бўлибгина қолмай, сайёрамизнинг мураккаб экотизимларининг ишлаши ва барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайдиган жонзотлардир», — деди БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНEП) ижрочи директори Ингер Андерсен.

Вазият ташвишли бўлишига қарамай, ҳисобот муаллифлари популяцияни ва умуман турни қайта тиклаш мумкинлигини таъкидлайди. Улар Кипрдаги табиатни муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мисол қилиб келтирмоқда, у ерда қушларнинг ноқонуний тўрлари сезиларли даражада қисқарган. Қозоғистонда сайғоқ популяциясини сақлаб қолиш ва тиклаш бўйича олиб борилган муваффақиятли ишлар қадимий антилопанинг йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар тоифасидан чиқишига ёрдам берган.

«Кўчиб юрувчи турлар ўз ҳаёт циклларининг турли даврларида турли хил ўзига хос яшаш жойларига боғлиқ бўлади… Турлар миллий чегараларни кесиб ўтганда, уларнинг омон қолиши улар жойлашган мамлакатларнинг ҳаракатларига боғлиқ», — деди CMS ижрочи котиби Эми Фрэнкель.