Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланишича, айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспорт бошқариш маданиятига риоя қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан ҳурматсизлик, транспорт воситасини кескин бошқариш ҳамда бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган «агрессив бошқариш» ҳолатлари кўпаймоқда.

Қонун лойиҳаси билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахс томонидан транспорт воситасини такроран бошқариш учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланмоқда. Яъни, ушбу норма билан ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Мазкур тартибга мувофиқ, ҳайдовчи бир йил давомида йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этиш йўли билан белгиланган миқдордаги жарима балларини тўплаган тақдирда унга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўшимча жазо сифатида қўлланиши белгиланмоқда.

Мажлисда таъкидланишича, қонун лойиҳаси билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини судлар томонидан қўлланишини инобатга олиб, Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлик учун маъмурий жазосини жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўллаш тартиби ҳам таклиф қилинмоқда.

Жарима баллар тизими

Мазкур тизим 2022 йил 1 декабрда ишга тушиши керак эди. Бироқ, тизим ишга тушиши кечикди. 2022 йил декабрда ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда қоида бузган ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими қонунчилик масаласи эканини айтганди.

«Тизимнинг техник жиҳати ва уни амалдаги тизимларга интеграциялаш якунланганидан сўнг тўлиқ ишга туширилади», — деганди Саидов.

Тизим қуйидаги тартибни назарда тутиши белгилаб берилмоқда:

  • ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
  • ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
  • муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

жарима баллар