Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Minerva city лойиҳасидан қайтарилган ерлар бошқа инвесторга тўғридан-тўғри берилишига қаршилигини билдириб, ер майдонлари фақат очиқ аукционлар орқали сотилиши тарафдори эканини маълум қилди.

Аввалроқ Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомов Minerva city мажмуаси учун ажратилган 100 гектар ер майдони суд қарорига кўра давлатга қайтарилгани ва унинг негизида хитойлик инвестор иштирокида 35−40 минг фуқаро яшайдиган мажмуа қурилиши ҳақида гапирганди.

«Жойнинг ўрнида нима бўлади, деган саволга келсак, Хитойга борганда буни инвесторларга кўрсатдик. Унга пул тикаман деган инвестор бор. Тахминан 96−100 гектар жойда уй-жой бўлади. 35−40 минг фуқаро яшайдиган хонадонлар тушиши режа қилинмоқда. Унинг ичида барча хизмат кўрсатиш объектлари бўлади. Ҳали у даражага етмаган бўлсак ҳам, унинг ёнига бир университет олиб келмоқчимиз. Бизнинг туманда ҳам битта олийгоҳ бўлса, туманда зиёлилар сони кўпаяди», — деди туман ҳокими.

Либерал-демократик партия ушбу 100 гектар ер майдонини:

  • тўғридан-тўғри аукцион савдоларисиз фақат битта хорижий инвесторга ажратиш амалиётидан воз кечиш;
  • аниқ лойиҳаларини ишлаб чиқиб, мазкур ер майдонини унда уй-жой комплекслари, мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий объектларни қуриш учун алоҳида лотларга ажратган ҳолда электрон онлайн аукцион савдоларида реализация қилиш;
  • очиқ ва шаффоф тизим орқали маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг тенг имкониятларда иштирок этишини таъминлаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашини қайд этган.

Ҳокимнинг ерга хитойлик тадбиркор инвестиция киритмоқчи экани ҳақидаги гапидан сўнг блогерлар ва жамоатчилик фаоллари орасида бу масала муҳокамага сабаб бўлди. Хусусан, молиячи Отабек Бакиров ҳоким айтгандек иш тутилса, бу Minerva City каби хатонинг иккинчи фасли бўлишини таъкидлади.

«Гап амалдаги талабларни истисно қилиб, аукционсиз, Бош плансиз, битта инвесторга 100 гектар ерни топширишдагина эмас, битта инвесторга боғлиқ бўлиб қолишда. Диверсификация йўқлигида, хатарлар тўғри баҳоланмаётганида. Айтайлик, ўша инвестор билан Хитой ҳукумати ўртасида муаммо юз берса нима бўлади, Хитой банклари кредит бермай қўйса-чи? Уй-жой бозорида совиш давом этаётган Хитойда рецессия бошланса-чи? Назаримда, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаган», — деб ёзди у.

Отабек Бакиров мазкур ҳудудни лотларга бўлиб, аукционга чиқариш тўғри қадам бўлишини қўшимча қилган.

«100 гектар ер борасида ер қонунчилигига тўлиқ амал қилган ҳолда, айтайлик, уни 50 та лотга бўлиб, аукционга чиқариш энг тўғри қадам бўлади. Майли, 40 та лот уй жой учун, 2 та лот мактаб учун, 2 та лот боғча учун, 2 та лот университет, 2 та лот поликлиника, 2 та лот клиника учун бўлсин. Керак бўлса, яна бир лотда хусусий футбол клубига эгалик қилмоқчи бўлганлар томонидан стадион қурилсин. Ҳаммаси, бозор қоидаларида амалга оширилсин. Кимгаки имтиёз берилса, бу фақат социал объектларга оид бўлсин. Наҳотки, шундай қилиш қийин? Имконсизми ё бунга хоҳиш йўқми? Ёки хитойлик инвестор билан келишволиш осонроқми?» — деб ёзди Отабек Бакиров.