Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни иқтисодиёт соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қарор имзолади.

Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети таркибига Тошкент молия институти ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт қўшилмоқда. Янги университетга иқтисод фанлари доктори, профессор, Тошкент молия институти ректори Тўлқин Закирович Тешабаев раҳбар бўлди.

Ҳужжат билан янги университетнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди:

  • иқтисодиёт, молия ва солиқ соҳалари бўйича дунёдаги сўнгги тенденциялар, молиявий технологиялар, илғор хорижий тажриба ва реал иқтисодиёт талабларини ҳисобга олган ҳолда олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, таълим ва тадқиқот уйғунлигини таъминлаш орқали иқтисодиёт тармоқлари учун илғор инновацион ишланмалар яратиш, талабаларда тизимли таҳлил қилиш, креатив фикрлаш ва амалий кўникмаларни шакллантириш;
  • замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва симуляцион марказлар ташкил этиш орқали «таълим -- фан — инновация — рақамлаштириш» экотизимини ва соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотлар трансферини самарали йўлга қўйиш;
  • иқтисодиёт, молия ва солиқ соҳаларини ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари бўйича илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини жорий этиш юзасидан илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш;
  • жаҳон таълим ва илмий маконида Университетнинг нуфузини ошириш, етакчи хорижий университетлар билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий илмий-амалий стажировкасини тизимли йўлга қўйиш.

Тошкент молия институти ва Фискал институтда таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини университетда давом эттиради ҳамда 2023−2024 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда университет дипломи берилади.

Университетда 2024−2025 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёни давлат тили, инглиз тили ва бошқа хорижий
тилларда олиб борилади, бакалавриат ва магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган иқтидорли талабалар учун алоҳида хорижий тилларда ўқитиладиган гуруҳлар ташкил этилади.

Таълим дастурлари халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларининг дастури асосида босқичма-босқич ишлаб чиқилади.

Таълим жараёнига етакчи профессор-ўқитувчилар ҳамда тегишли соҳаларда камида 5 йиллик амалий тажрибага эга бўлган иқтисодиёт, молия ва солиқ тизимларида ишлаган мутахассислар жалб этилади.

Бундан ташқари, иқтисодиёт, молия ва солиқ соҳалари бўйича ишчи-хизматчиларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Университетга ўқишга талабаларни қабул қилиш 2024/2025 ўқув йилидан бошланади. Шу билан бирга, давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиш давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун давлат буюртмаси параметрлари доирасида белгиланади.

Университет Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига идоравий жиҳатдан бўйсунади, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси университет фаолиятини самарали ташкил этиш, малака талабларини ишлаб чиқиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, талабаларга амалиёт базаларида шароитлар яратишда кадрлар буюртмачиси сифатида кўмаклашади.

Ҳужжат билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кузатув кенгаши тузилиб, унга бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилади.

тошкент давлат иқтисодиёт университети, университети

Кузатув кенгашига 2024 йил 1 апрелга қадар университетнинг бошқарув кадрлари лавозимларига етакчи хорижий олий таълим муассасаларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш чорасини кўриш топширилди.

2024−2025 ўқув йили бошлангунига қадар тажрибага эга бўлган лойиҳалаштириш ташкилотини жалб қилиш ва университетнинг мавжуд ҳудудлари ва бино-иншоотлари негизида замонавий кампусни бунёд этиш бўйича мастер режани ишлаб чиқиш, шунингдек, унда қуйидагиларни назарда тутиш режалаштирилган:

  • университетнинг Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Олмазор кўчаси, 183-уй манзилидаги ҳудудида халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув аудиториялари, коворкинг марказлари, IТ лаборатория, бизнес инкубатор ва анжуманлар залини ўз ичига олган мультифункционал кўп қаватли бинони барпо этиш;
  • университет кампуси ва улардаги бино-иншоотларни юқори тезликдаги интернет билан ягона тармоққа боғлаш, ўқув ва илмий тадқиқот жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;
  • талабалар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида маънан ва жисмонан эскирган бинолар ўрнида янги талабалар турар жойи, замонавий спорт заллари, ошхоналар ва бошқа бино-иншоотларни қуриш.

Университет шунингдек, Университетни ривожлантириш жамғармасини тузмоқда, унинг маблағлари хайрия маблағлари ҳисобидан шакллантирилади. Университетга тушган тўлов-контракт маблағларининг сақлаш ва жорий харажатлардан ортган қисми жамғармага йўналтирилади ҳамда таълим жараёнини яхшилаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш учун кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ ишлатилади.

Шунингдек, университетда хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда Трансформация маркази ташкил этилмоқда, у университетни 2030 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш, шунингдек, университет таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилиши учун масъул бўлади. Бундан ташқари, хорижий тажрибага мувофиқ бакалавриат таълим йўналишларини мақбуллаштириш ҳамда университетнинг таълим дастурларини халқаро таълим дастурларига мувофиқлаштириш, 2024−2025 йилларда хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида камида 200 нафар етакчи профессор-ўқитувчининг стажировкасини ташкил этиш, университетнинг таълим дастурларини хорижий олий таълим ташкилотларининг дастурлари асосида ишлаб чиқишга жавобгар бўлади.

Университетни молиялаштириш давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан 13 та объект, шу жумладан, Тошкент молия институти ва Фискал институти объектлари ТДИУ балансига бепул ўтказилади.

Шунингдек, президент томонидан 2024−2027 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кадрлар тайёрлаш тизимини самарали ташкил этиш, илмий салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Жумладан, машғулотлар юзасидан талабалар фикрини ўрганиш (feedback) ҳамда ўзаро ташриф (peer review) тизимини ривожлантириш., талабаларни кафедра филиалларида мустақил таълимнинг «5+1» шакли бўйича ўқитишни ташкил этиш, замонавий рақамли босмахона яратиш, ҳар семестрда ўқув ва жараёнга халқаро эътироф этилган агентликлар рейтингининг биринчи 1000 талик рўйхатига кирган олий таълим муассасаларидан камида 15 нафардан профессор-ўқитувчини жалб қилиш ва бошқалар.