️Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги боғчада мураббий болакайни ураётгани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, воқеа Чирчиқ шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида 8 февраль куни бўлган. Боғча тарбиячиси «оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлгани» туфайли тушлик пайтида ухлай олмай йиғлаётган болага бир неча бор қаттиқ бақириб, сўнг болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйган.

Ҳозирда тарбиячи Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 5-банди (Ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш) асосида лавозимидан озод этилган.

Ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда ва тарбиячининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

«Тарбиячи томонидан бу тарздаги жазо усулини қўлланилиши боланинг манфаатларига мутлақо зиддир️. Боланинг руҳий-эмоционал соғлиғига, шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи бундай ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас», — дейилади болалар омбудсмани хабарида.

Болалар омбудсмани мазкур факт бўйича боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз кузатувини қатъий давом эттиришини билдирди.