Шавкат Мирзиёев аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилишда ёқилғисиз иситиладиган иссиқхоналар қуришни топширди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Йиғилишда, иссиқхона хўжаликларини кредитлаш механизмини қайта кўриб чиқиш топширилди.

«Ёқилғисиз иситиладиган ихчам иссиқхоналар барпо қилиш оммалашиб боряпти. Ҳозирда 308 гектар майдонда кигиз тўшамали ихчам иссиқхоналар барпо этилган. Мана шу иссиқхоналарни 10−20 баробар кўпайтириш бўйича [Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим] Абдураҳмонов менга таклиф берсин. Тошлоқ жойларда 50 баравар кўпайтирсак бўлади бемалол. Одамлар ишли бўлади, даромад пайдо бўлади», — дейди у.

Президент ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини қўллаб-қувватлаб, тайёр ҳолда топшириш шарти билан 10 сотихли 200 тагача ихчам иссиқхона қуриш вазифасини қўйди.

Ушбу мақсадларга «Оилавий тадбиркорлик» дастури доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февраль ойида газни тежаш мақсадида айрим иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ҳамда шифохоналар кўмирга ўта бошлаши ҳақида хабар берган эдик. Умуман олганда, 2023 йилда 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та заводни кўмирга ўтказиш режалаштирилган эди.