8 февраль куни Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенконинг расмий музокаралари бўлиб ўтди.

Улар Ўзбекистон президентининг давлат қароргоҳи Кўксаройда ўтказилди. Давлат раҳбарларининг музокаралари дастлаб «яккама-якка» форматда бўлди, сўнгра уларга делегациялар аъзолари ҳам қўшилди.

Кенгайтирилган музокараларда Беларусь президенти анъанавий самимий қабул учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

«Мен буни жуда қадрлайман. Биз сиз билан мутлақо ишончли ва дўстона муносабатларга эгамиз. Эҳтимол, бундан ишончлироғи бўлмаса керак. Биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатяпмиз. Сизга керак бўлган ягона нарса — вақт. Кўп нарса ўз вақтида ўтказиб юборилган. Тўғри айтдингиз, сиз етиб олишингиз, етиб олишингиз ва етиб олишингиз керак, бу эса ҳар доим қийин бўлган. Лекин энг муҳими қаерга боришни билишдир», — деди Александр Лукашенко (иқтибос Беларусь президенти матбуот хизматидан олинди).

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон «ажойиб суръатларда» ривожланмоқда.

«Биз сизларнинг дўстларингиз, яқин биродарларингиздекмиз, ҳар доим яқинмиз, чунки ўзбек ва беларусь халқлари бир-бирига жуда ўхшаш, меҳнаткаш, бағрикенг халқдир. Ҳақиқий меҳнаткашлар. Бу — муносабатларимизнинг асоси. Шу боис қардош республикамиз Ўзбекистон жадал ривожланиб бораётганидан мамнунмиз», — деди у.

александр лукашенко, беларусь, шавкат мирзиёев

Лукашенко Беларусь Ўзбекистон ривожидан манфаатдор эканини таъкидлади, чунки «улар Ўзбекистонни Марказий Осиёда асос қилиб олган».

«Бу биз алоқаларни ривожлантиришимиз керак бўлган давлат. Жуда юқори малака, жуда юқори. Сиз ўзингизни жуда танқид қиласиз, лекин сизда шундай қобилиятлар бор, қўлингиздан кўп нарсалар келади, биз сиздан ўрганишимиз керак. Бизда бор технологиялар Совет Иттифоқидан қолган, нимадир қўшган бўлсак, сиз уни биласиз. Биз уни бутунлай Ўзбекистон ҳудудига ўтказишга тайёрмиз», — деди у.

Александр Лукашенко сўзида давом этди: «Кўряпманки, баъзи жойларда биз камчиликка йўл қўйдик ва ҳоказо. Лекин бу президентлар бу йўналишда ишламади, дегани эмас. Бу сизларга, ҳукумат аъзолари, вазирларга, қаердадир нимадир етишмай қолди, дегани, йигитлар. Шунинг учун, келинг, рози бўлайлик — буни қилишимиз керак. Нега мен буни талаб қиляпман? Беларуслар учун. Аммо бу Экваториаль Гвинея эмас, биз яна қаерларда бўлдик, Кения ёки Зимбабве эмас. Бу ерда биз бир тилда гаплашамиз, халқимиз бир-бирига ўхшаш. Икки президент ҳам очиқ, барча лойиҳаларни қўллаб-қувватладик… Уч йиллик йўл харитасини ишлаб чиқдик, келинг, уни амалга оширайлик».

Беларусь президентининг таъкидлашича, жорий товар айирбошлаш ҳажми — қарийб 600 миллион доллар — гарчи рекорд кўрсаткич бўлса-да, мавжуд салоҳиятга мос келмайди.

«Яқин бир ярим йил ичида кўрсаткични 1 миллиард долларга етказишимиз ва олдинга силжишда давом этишимиз керак. Ҳукуматлар ва давлат раҳбарлари ўртасида келишув мавжуд экан, кўп иш қилиб олиш керак. Биз муносабатларимизни „боғлашимиз“ керак. Эртага ёшлар ҳокимиятга келади — улар бошқача. Уларда бундай тажриба йўқ, улар биз босиб ўтган йўлдан юрмаган. Бизнинг хотирамизда ҳамма нарса бор. Шунинг учун бу вақтни беҳуда ўтказмаслик керак», — деди у.

Александр Лукашенко Беларусь Ўзбекистон билан технологиялар алмашишга тайёрлигини таъкидлади: «Бизда сизга бугун ва, ҳатто, эртага керак бўладиган технологиялар мавжуд. Дунёнинг бирор бир жойига бориб таъзим қилишнинг ҳожати йўқ. Биз буни сизга эвазига ҳеч нарса талаб қилмай, чин қалбдан таклиф этамиз. Талаб ҳам қила олмаймиз: биз битта давлатмиз, бир-биримиздан нимани ҳам талаб қилардик? Фақат яхши ниятда биз сиз билан ҳамкорлик қила оламиз, сиз эса биз билан».

александр лукашенко, беларусь, шавкат мирзиёев

Александр Лукашенко биргаликда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни фаол равишда йўлга қўйишни таклиф қилди.

«Шавкат Миромоновичнинг Хитой билан муносабатлари бизникидан ҳам яхши. Ҳиндистон билан ҳам. Субстанция ишлаб чиқарадиган ҳамма давлат билан… Ҳа, улар манфаатдор, 22 фоиз дорини ўзлари ишлаб чиқаради, уларга дори керак, 40 миллион аҳолиси бор. Бу ерда қўшма ишлаб чиқариш яратишимиз мумкин ва у (Ўзбекистон президенти — таҳр.) бу ерга ҳар қандай субстанцияни олиб келади: унинг дунё бўйлаб улкан алоқалари ва ҳурмати бор. Дорини шу ерда ишлаб чиқаришимиз ва бир қанчасини шу ердан Беларусга сотиб олишимиз мумкин», — деди у.

Гродно вилояти ижроия қўмитаси раиси, соғлиқни сақлаш вазири Владимир Караник томонлар бу масалани атрофлича муҳокама қилаётганини таъкидлади. Беларусь ва Ўзбекистон «дориларни осонлик билан рўйхатдан ўтказишга нима тўсқинлик қилаётганини» текшириш учун меъёрий-ҳуқуқий базани таҳлил қилмоқчи ва Ўзбекистонда энг оммабоп дори воситалари рўйхатини тузмоқчи. «Қўшни мамлакатларга сотиш истиқболи билан», — деди у.

«Техник рўйхатга олиш масаласига келсак. Эшитинг, бизда „диктатура“ бор — биз муаммони тезда ҳал қила оламиз. Мутахассислар ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижобий фикри бор эди. Биз буни дарҳол ҳал қиламиз. Асосийси, келишувингиз бор. Сизлар халқингизга душман эмассизлар, сизда мутахассислар бор… Келинг, буни биргаликда яратайлик», — деди Александр Лукашенко.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Беларусь фармацевтика маҳсулотларини сотиб олиш учун зарур бўлган йиллар бўйича кафолат беришга тайёрлигини таъкидлади. «Бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Биз сизнинг сифатингиздан мамнунмиз. Сизни ишонтираман, шартномалар тузинг, буни ўзим кузатиб бораман», — деди у.

александр лукашенко, беларусь, шавкат мирзиёев

Беларусь «соғлиқни сақлаш, хусусан, она ва бола саломатлиги соҳасида Ўзбекистон билан елкама-елка бўлишга» тайёр, дея давом этди Александр Лукашенко.

«Биз ўзимизни йиртиб ташлашга, келиб, бу клиникани керакли тарзда бошқариб, уни ходимлар билан таъминлашда ёрдам беришга ва мутахассисларингизга акушерликни ўргатишга тайёрмиз. Аммо буни сизга ўргатгунимизча сизга ёрдам бериб турамиз. Биз ҳар доим аёллар олдида қарздормиз», — деди у.

Ўзбекистон ва Беларусь президентлари Тошкентдаги музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилди. Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко икки давлат ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлади.