Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенко тор доирада ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар, жумладан, ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Ҳукумат раҳбарлари, парламентлар, вазирлик ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

александр лукашенко, беларусь

Томонлар халқаро тузилмалар, жумладан, БМТ, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олди.

Президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръатини қайд этди — ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди ва 2023 йил якунига кўра 620,1 миллион доллардан ортиқни ташкил этди. Ҳукуматлар олдига яқин йилларда бу кўрсаткични 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадларда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт-импорт етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва товарларни сертификатлаштиришнинг электрон тизимини жорий этиш бўйича келишувга эришилди.

александр лукашенко, беларусь

Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони тўрт баробар ошди. Давлат раҳбарлари кооперациянинг устувор йўналишларини белгилаб берди: қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқалар. Барча йўналишлар бўйича алоҳида ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинди.

Томонлар юк ташиш учун ўзаро қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мультимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлараро алмашинув фаоллашганини олқишлади. Куни кеча ўтган Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари иккинчи форумининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди: унинг якунлари бўйича қиймати 1 миллиард доллардан зиёд шартнома ва битимлар имзолангани қайд этилди.

александр лукашенко, беларусь

Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олди. Олий ва профессионал таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари қабул қилинади.

Ўзбекистон-Беларус саммити якунида Кўксарой қароргоҳида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Фахрий меҳмонлар хиёбонида Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилиш рамзи сифатида дарахт экди.