Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ жума куни (Ўзбекистонда бу кун йўл ҳаракати хавфсизлиги куни деб эълон қилинган) Бўка туманидаги мактаблар ёнида пушти сумкали ўқувчи қизнинг макети ўрнатилаётгани акс этган суратларни эълон қилди.

Хабарда айтилишича, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида «Хавфсиз йўл — хавфсиз пиёда 2024» концепцияси доирасида 12 та мактаб олдига нур қайтарувчи болалар макети ўрнатилган.

Фотосуратлардан кўриниб турибдики, металл таянчдаги қўғирчоқлар ердаги қазилган кичик чуқурликка ўрнатилган, кейин эса бетон билан тўлдирилган.

Илгари шунга ўхшаш фотосуратлар бошқа ҳудудлардаги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари томонидан ҳам эълон қилинган эди. Бу кўпинча инновацион ғоя сифатида тақдим этилган.

2022 йилнинг февраль ойида Хоразм вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси умумий овқатланиш шохобчалари, ёқилғи қуйиш шохобчалари, автобус тураргоҳлари, автотураргоҳлар, автовокзаллар ва пиёдалар ўтиш жойларига, жумладан, мактаблар олдига пиёда ўқувчиларининг макети ўрнатилганини маълум қилганди.

Фото: Хоразм вилояти ИИБ ЙХҲБФото: Хоразм вилояти ИИБ ЙХҲБ

2018 йил сентябрь ойида Жиззах вилоятидаги таълим муассасалари ёнидаги пиёдалар ўтиш жойларига ҳам шундай макетлар ўрнатилгани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили шундай деганди: ҳайдовчи узоқдан макетни кўрса, секинлашишига шубҳа йўқ.

Фото: ЎзАФото: ЎзА

Урбанист Аркадий Гершман «Газета.uz»га берган изоҳида бундай қарорлар «нима қилиш кераклигини тушунмай туриб нимадир қилинаётганини кўрсатишнинг жуда машҳур усули» эканини айтди.

«Бу усул хавфли, чунки машина ҳайдаб кетаётган одамлар бу ерда болаларнинг макетлари борлигига кўникишни бошлайди ва шу сабабли улар секинлашмай қўяди, чорраҳада ростдан ҳам болалар ёки катталар пайдо бўлганда, бу секинлашиш учун сабаб сифатида кўрилмай қолади. Чунки нигоҳ кўникади ва вазият аввалгидан ҳам баттар аҳволга келади», — деб ҳисоблайди мутахассис.

Бундан ташқари, ҳайдовчи макетлар орасида ҳақиқий бола борлигини сезмаслиги мумкин, бу эса эҳтимолий одам уриб юборишларни келтириб чиқаради.

Йўлларда, айниқса, мактаб ва боғчалар яқинида пиёдалар хавфсизлигини қандай яхшилаш мумкин? Ҳаракатни жисмоний кўринишда сокинлаштириш керак: хавфсизлик оролчалари, кўтарма ёки рельефи баландроқ ўтиш жойлари. Бизга юқори сифатли белгилар, нафақат ўтиш жойининг, балки унга яқин ҳудуднинг яхши ёритилиши керак, оддийгина пиёдалар йўлаклари, тезлик камералари ҳам халақит бермайди.

Ўзбекистонда мактаблар ва болалар боғчалари яқинидаги кўча ва йўл участкаларини лойиҳалаш, ҳайдовчилар учун болаларнинг кўринганлик даражасини яхшилаш бўйича умумий стандартлар қабул қилинмаган.

2022 йил август ойида Тошкент шаҳридаги мактаблар ва болалар боғчалари яқинида йўл ҳаракатини сокинлаштириш дастури жорий этилиши эълон қилинганди. Биринчи босқичда тез ва арзон ечимлардан фойдаланиш режалаштирилган: белгилар, устунчалар, нотекисликлар. Бироқ лойиҳа амалга оширилмади.