АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) 2012 йилдан бери биринчи марта ҳаво сифатининг янги стандартини қабул қилди.

Янги стандарт, EPA веб-сайтига кўра, ҳаводаги PM2,5 майда заррачаларининг рухсат этилган йиллик ўртача концентрациясини 12 мкг/м3 дан 9 мкг/м3 гача пасайтиради. Ташкилотнинг таъкидлашича, қабул қилинган норма энг яхши илмий маълумотларга асосланган.

Агентликнинг ҳисоб-китобларига кўра, янгиланган стандарт 4500 тагача эрта ўлим ва 290 минг иш куни йўқотилишининг олдини олади, натижада 2032 йилда соғлиқ учун 46 миллиард долларгача соф фойда келтиради.

«Илмий далиллар аниқ: қурум билан ифлосланиш (PM2,5 кул, чанг ва бошқа аралашмаларнинг зарраларини назарда тутади — таҳр.) ҳаво ифлосланишининг энг хавфли шаклларидан бири бўлиб, бир қатор жиддий ва потенциал ўлимга олиб келадиган касалликлар, шу жумладан, астма ва юрак хуружлари билан боғлиқ», — деди EPA администратори Майкл Риган.

Агентлик, шунингдек, PM2,5 таъсири билан боғлиқ соғлиқ учун хавфлар ҳақида жамоатчиликка яхшироқ маълумот бериш учун ҳаво сифати индексини қайта кўриб чиқмоқда.

PM2,5 зарралари жуда кичик ўлчами туфайли инсон саломатлиги учун кўпроқ хавфли ҳисобланади. PM2,5 ўпкага чуқур кирибгина қолмай, қон оқимига ҳам кириб, соғлиқда турли хил муаммоларни, жумладан, юрак касалликлари ва бошқа юрак-қон томир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. PM2,5 кўпинча қазиб олинадиган ёқилғиларнинг ёниши натижасида ҳосил бўлади ва транспорт воситаларининг чиқиндиси, саноат ишлаб чиқариши ва электр станциялари чиқиндилари, шунингдек, шамол учириб келган чанг каби табиий манбалар таркибида сақланади.

  • ЖССТ тавсияларига кўра, ҳаводаги PM2,5 нинг ўртача йиллик миқдори 5 мкг/м3, ўртача кунлик миқдори 15 мкг/м3 бўлиши керак.
  • Ўзбекистонда ҳаводаги PM2,5 заррачаларининг миқдори бўйича стандарт мавжуд эмас. Мутахассислар ҳозир бу соҳада миллий стандартларни ишлаб чиқмоқда.