Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотда ушбу мамлакат президентлигига навбатдан ташқари сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қўнғироқ чоғида Шавкат Мирзиёевга Беларусь президенти Александр Лукашенко шериклик қилди. «Камдан-кам учраб турадиган ҳодиса — икки мамлакат етакчиси биргаликда учинчи мамлакат раҳбарига телефон қилмоқда», — деб ёзди уларнинг суратини эълон қилган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Суҳбатда Ўзбекистон етакчиси сайловчилар иштироки ва фаоллиги юқори даражада бўлганини қайд этиб, «қардош озарбайжон халқи давлат келажаги, кучли ва гуллаб-яшнаган Озарбайжон учун овоз бериб, тўғри қарор қабул қилганига» ишонч билдирди.

Шунингдек, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини қайд этди. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма Инвестиция компанияси ўз ишини бошлади, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда.

Мулоқотда халқаро тузилмалар, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Озарбайжонда 7 февраль куни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. Associated Press нашрининг ёзишича, 30 йиллик этник арманлар бошқарувидан сўнг Қорабоғни қайтариб олган амалдаги президент яна етти йиллик муддатга сайланиши «деярли аниқ».

«Таҳлилчиларнинг фикрича, Алиев сентябрь ойида Қорабоғга уюштирилган ҳарбий ҳужумдаги машҳурлигидан фойдаланиш учун сайловни олдинга сурган. У сайловлар Озарбайжон ўз ҳудудини тўлиқ назорат қиладиган „янги даврнинг бошланиши“ бўлишини истаган», — таъкидлади AP.

CBC телеканалининг маълум қилишича, президентлик сайловида сайловчиларнинг 76,73 фоизи (4 871 032 нафар) иштирок этган. Илҳом Алиев exit-poll (овоз берувчилар сайлов участкасидан чиққач ўтказиладиган сўров) натижаларига кўра, 93,9 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Илҳом Алиевни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб улгурди.