Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда Хоразм вилояти ҳудудида қимматли дарахтларнинг кесилиши ҳамда шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда, дея хабар берди вилоят Экология бошқармаси.

Хусусан, Гурлан туманида жойлашган «Х.О.» фермер хўжалиги раҳбари Н.Х. томонидан 81 туп табиий ҳолда ўсувчи, биологик соғлом туронғил дарахти ноқонуний кесилгани аниқланган. Табиатга 618,1 миллион сўмлик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур айблов судда ўз исботини топса, фермер хўжалиги раҳбари базавий ҳисоблаш миқдорининг (ҳозирда у 340 минг сўм) юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима тўлайди ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишларига жалб қилиниши мумкин. Ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти Касби туманида Toʼpalang HPD Holding МЧЖ масъуллари канал қирғоғидаги 150 туп дарахтни илдизлари билан қўпориб олганди. Бунинг оқибатида табиатга 1,1 млрд сўм зарар етган.

Андижон вилояти Асака туманида эса кўп йиллик 6 туп чинор дарахти кесилиши оқибатида табиатга 317 млн сўмлик зарар етказилгани аниқланганди.