Андижон вилояти Асака туманида ўтказилган назорат тадбирларининг бирида кўп йиллик 6 туп чинор дарахти кесилгани аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати.

Туманнинг «Янгиобод» маҳалласидаги мазкур дарахтларнинг кесилиши бўйича тегишли рухсатномалар олинмаган. «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни талабларини қўпол равишда бузилган ва бу билан ўсимлик дунёсига 317 миллион 50 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сенат дарахтларни ноқонуний кесган фуқаролар 8,5 миллион сўмдан 25,5 миллион сўмгача, мансабдорлар эса 17 миллион сўмдан 34 миллион сўмгача жарима ёки 15 суткалик қамоқ жазоси билан жазоланишини назарда тутувчи қонуни маъқуллаганди. 1 туп дарахт кесган шахс унинг ўрнига 100 туп дарахт экиши белгиланмоқда.