Қашқадарё вилояти Касби туманида 150 туп дарахт илдизлари билан қўпориб олингани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, To‘palang HPD Holding МЧЖ масъуллари «Денов-Новқат» каналини реконструкция қилиш жараёнида канал қирғоғига экилган жами 150 туп дарахтни илдизлари билан қўпориб олган.

Бу билан кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш тўғрисидаги фармон талаблари бузилган. Дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш бўйича амалдаги тартибларга риоя этилмаган ва мурожаат қилинмаган, дейилади хабарда.

Дарахтлар кесилиши оқибатда ўсимлик дунёсига 1 миллиард 165 миллион 350 минг сўм зарар етказилган. Ҳужжатлар етказилган зарарни ундириш ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш мақсадида вилоят прокуратурасига юборилган.

Депутатлар қабул қилган қонун лойиҳасига кўра, энди дарахт ва буталарни ноқонуний кесган юридик шахслар 99 миллион сўмгача молиявий жарима тўлашидан ташқари, уларга ҳар бир ноқонуний кесилган дарахт учун 100 туп кўчат экиш ва уларни уч йил давомида парваришлаш мажбурияти юклатилади.