Ўзбекистонда таълимнинг барча бўғинларида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жума куни Шавкат Мирзиёев иштирокида мактаб таълими сифатини яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилишда сўз борди.

Идора «боғча, мактаб, касбий ҳамда олий таълимда ўқув стандарти ва дастурларини илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга» масъул бўлади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 10284 та мактаб мавжуд. Ҳар йили ўртача 400 минг бола мактабни битиради, улардан 170 минг нафари таълимни давом эттиради.

Янги баҳолаш тизими ва мактабларни аккредитация қилиш

Бугунги кунда 500 та мактабда президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган. «Натижада илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммони ечиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилган», — дейилади хабарда.

Йиғилишда келгуси ўқув йилигача мазкур баҳолаш тизимини халқаро тестология мезонларига мослаштириш вазифаси топширилди.

«Мактабларнинг ўзи ҳам аккредитациядан ўтказилади. Бу халқаро баҳолаш мезонларини миллий тизимга жорий қилиш, мактабларни бошқариш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўқитувчилар малакасини оширишнинг «эскирган усуллари»

Педагогларнинг билим ва маҳоратини ошириш масаласи кўриб чиқилаётганда «Малака ошириш марказлари эскича ишлаётгани, илмий салоҳияти юқори эмаслиги» қайд этилди.

Президент 14 та ҳудуддаги (Тошкент, Қорақалпоғистон ва вилоятлар) бундай марказлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш дастурларини жорий этиш вазифасини қўйди.

Хорижий тиллар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг ўқув режаларини бу билан уйғунлаштириш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Хусусий мактаблар учун имтиёзлар

Мамлакатда хусусий мактаблар сонининг кўпайиши давлат мактабларига юкламани камайтириш ва соғлом рақобатни ривожлантиришга ёрдам беради, дейилади хабарда.

Йиғилишда хусусий мактаблар учун лицензия талабларини соддалаштириш, кредит, солиқ ва коммунал тўловлардан қўшимча енгилликлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.

Мутасаддиларга таълим ташкилотлари фаолияти ва таълим сифати мониторинги платформасини ишга туширишга топшириқ берилди.

Маҳаллаларнинг мактаб ҳаётидаги иштироки

Давлат раҳбари мактаблар фаолиятида маҳалла раиси ва фаолларининг ўрни катта бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Маҳалладаги муҳит, аҳоли бандлиги кўп жиҳатдан ёшлар таълим-тарбиясига боғлиқ. Шундай экан, маҳалла раиси ота-оналар билан бирга мактаблар ҳаётида фаол қатнашиши, ёшларнинг билими ва касб эгаллашига эътиборли бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Дарҳақиқат, мактаб масаласи фақатгина таълим соҳасининг эмас, ота-оналар, маҳалла фаоллари, бутун жамиятнинг иши. Чунки мактаб мамлакат келажагининг замини. „Бир болага етти маҳалла ота-она“ деган мақол замирида ҳам айни шу ҳақиқат мужассам. Шунда ота-оналар ҳам ўз фарзандлари тарбиясига янада эътиборлироқ бўлади. Тобора глобаллашаётган ҳозирги замонда бу жуда муҳим», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.