4 февраль куни Ўзбекистоннинг Ўмонга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов Маскат шаҳрига етиб борди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

У 2018−2024 йилларда Ўзбекистоннинг Екатеринбург (Россия) шаҳридаги бош консуллигини бошқарган. 52 ёшли дипломат Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Бухоро вилоятидаги давлат тузилмаларида бошлаган ва Бухоро давлат университетида араб тилидан дарс берган. 1999 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган йиллар давомида ТИВнинг Бухоро бўлими, Консуллик бошқармаси, Консуллик-ҳуқуқий департаменти, Миср ва Саудия Арабистонидаги элчихоналарда турли лавозимларда ишлаган.

Абдусалом Хатамов 2018—2021 йилларда Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонасига раҳбарлик қилган Анвар Абдуҳалимов ўрнига тайинланди.