Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра Ўзбекистон Қирғизистонга Бишкек иссиқлик электр станциясидаги авария муносабати билан зарур ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 2 февраль куни қирғизистонлик ҳамкасби Жээнбек Кулубоев билан суҳбатда айтиб ўтди, деб хабар берди Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон томони ёрдам сифатида Андижондан Ўшга суюлтирилган газ баллонларини жўнатди, дейилади хабарда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари қўшни давлатга «биродарларча гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Туркманистон Бишкек иссиқлик электр станциясидаги авария муносабати билан ушбу мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов топшириғига биноан суюлтирилган газ етказиб бериш кўринишида гуманитар ёрдам кўрсатиш ниятида, деб хабар қилди Қирғизистон ТИВ.

2 февралга ўтар кечаси шаҳарнинг катта қисмини иссиқлик билан таъминлайдиган Бишкек иссиқлик электр станциясидаги қозонлардан бирида портлаш содир бўлди. Иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув чекловлари шаҳар аҳолисининг 66 фоизига таъсир кўрсатди. Мактаб ва боғчалар 5 февралгача онлайн ўқитишга ўтказилди.

Иссиқлик электр станциясига Қирғизистон президенти Садир Жапаров ташриф буюриб, реставрация ишларининг боришини кўздан кечирди. Президент вазиятни шахсий назоратига олган ва авария оқибатларини имкон қадар тезроқ бартараф этишни буюрган.