Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланмоқда.

Депутат Одилжон Тожиевнинг аниқлик киритишича, дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик учун юридик шахслар 99 миллион сўмгача молиявий жарима тўлашидан ташқари, уларга ҳар бир ноқонуний кесилган дарахт учун 100 туп кўчат экиш ва уларни уч йил давомида парваришлаш мажбурияти юклатилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини оширишга, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Эслатиб ўтамиз, августда Ўзбекистон президенти дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтириш бўйича парламент томонидан қабул қилинган қонунни рад этганди. Ҳужжат жарималар миқдори кам бўлгани туфайли рад этилган бўлиши тахмин қилинганди.