Отабек Абдурашидович Ҳасанов Республика Маънавият ва маърифат марказига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Отабек Ҳасанов 1985 йил 9 мартда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида туғилган.

Маълумоти бўйича мутахассислиги — сиёсатшунослик, давлат бошқаруви, менежмент. 2006 йилда Ўзбекистон миллий университетини бакалавр босқичини тамомлаган. 2008 йилда Ўзбекистон миллий университетини магистратурасини, 2013 йилда Президент ҳузуридаги давлат бошқарув академиясини тугатган.

2013−2017 йилларда Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази директори, 2017−2019 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси бошқаруви академияси «Бошқарув кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш» факультети декани, 2019−2020 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш департаменти мудири лавозимларида фаолият олиб борган.

Тайинловга қадар Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

2021 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланган.

Аввалроқ 2019 йилнинг сентябридан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида ишлаган Минҳожиддин Ҳожиматов (Минҳожиддин Мирзо) ишдан олингани ҳақида хабар бергандик.

Шунингдек, ЎзМТРКни салкам 20 йил бошқарган Алишер Ходжаев лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига бош вазир котибияти раҳбари бўлиб ишлаган Абдурашид Жўрабоев тайинланди.