2023 йилда вафот этганларнинг умумий сони 172,8 минг кишини ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлигининг демографик ҳолатга доир ҳисоботида айтилади.

Сўнгги йилларда ўлимнинг энг юқори кўрсаткичи 2020 йилда (13,6 фоиз) кузатилган, бу, афтидан, коронавирус пандемиясининг таъсири билан боғлиқ. Кейинги икки йил ичида — 2021 ва 2022 — аввалги йилга қараганда камроқ одам вафот этди (мос равишда 0,6 фоиз ва 1,4 фоиз). 2023 йил охирида яна ўсиш кузатила бошлади — ўтган йилга нисбатан 0,4 фоизга кўпайди.

демография, ўлим даражаси

Ўтган йили 95 минг нафар эркак ва 77,8 минг нафар аёл вафот этган (2022 йилга нисбатан бу тенденцияда ўзгаришлар кузатилмаган). Вафот этганлар сони шаҳар жойларида 93,6 минг кишини, қишлоқ жойларида — 79,2 минг кишини ташкил этди (вазият 2022 йилдагидек).

2023 йилда вафот этганларнинг 8,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 24,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 66,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳисобланади. 2022 йилда умумий ўлим кўрсаткичининг 20 фоизи 20 ёшгача, 24,6 фоизи 20 ёшдан 59 ёшгача ва 55,4 фоизи 60 ёш ва ундан катта бўлган шахслар билан содир бўлгани хабар қилинган. Шу тариқа болалар ва ёшлар ўртасидаги ўлим улушининг сезиларли (2,3 баравар) қисқариши ва қариялар улушининг бироз ўсиши кузатилган.

2023 йилда рўйхатга олинган ўлим сабабларининг 61,1 фоизини қон айланиш тизими касалликлари, 10,8 фоизини ўсимталар, 5,5 фоизини нафас олиш аъзолари касалликлари, 4,8 фоизини бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатланишлар, 4,1 фоизини овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, 1,3 фоизини юқумли ва паразитар касалликлар, 12,4 фоизини бошқа касалликлар ташкил этди.

2022 йилда ҳам қон айланиш тизими касалликлари ўлимнинг энг асосий сабаби бўлган, бироқ улуши камроқ эди — атиги 55,5 фоиз. Иккинчи ўринда респиратор касалликлар қайд этилган эди, 2023 йилда уларнинг улуши икки баравар (9,6 фоиз) камайди. Шу билан бирга, ўсимталардан ўлимлар улуши ортди (8 фоиз).

Ҳудудлар кесимида вафот этиш коеффициенти энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 5,2 промилле, Қорақалпоғистон, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида — 5,1 промиллени ташкил этди. Энг паст кўрсаткич Навоий ва Бухоро вилоятларида — 4,3 промилле.