Дам олиш кунлари Ўзбекистонда кундузги ҳарорат +3…+8 даража илиқ атрофида бўлади. Кечаси ҳарорат асосан 0…-5 даража совуқ, баъзи жойларда +3 гача бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Жума куни эрталаб Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилоятининг баланд тоғли ҳудудларида бироз қор ёғади. Ҳаво ҳарорати +3…+8 даража илиқ атрофида бўлади.

Шанба куни Ўзбекистон ҳудудига нам ҳавонинг янги қисми кириб келиши бошланади. Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида, куннинг иккинчи ярмида Самарқанд, Жиззах вилоятларида ва кечга томон Сирдарё вилоятида баъзи жойларда асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Якшанба куни республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

3−4 февралда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Пойтахтда жума, шанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари −2…−4 даража совуқ, кундуз кунлари +4…+6 даража илиқ бўлади.

Якшанба куни бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 0…-2 даража совуқ, кундузи +3…+5 даража илиқ бўлади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади.