Тармоқларда патруль-пост хизмати ходимлари мактаб ўқувчисини хизмат машинасига мажбурлаб ўтирғизгани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Лавҳада аввалига ходимлар бола билан суҳбатлашгани, сўнг уларнинг бири болани кўтариб, машина ичига мажбуран тиққанини кўриш мумкин. Шу вақтда бола оғриқдан бақиргани эшитилади. Видеода, шунингдек, аёллар ҳодиса жойига келиб, ходимлар билан гаплашгани ва машина эшигини очгани акс этган.

Аниқланишича, ҳолат 2023 йил 22 декабрь куни Чилонзор тумани Чилонзор-3 мавзесида содир бўлган. ППХ ходимлари Ш. М. ва А.О. 2011 йилда туғилган К.П.да пиротехника воситалари борлигини аниқлаб, болани хизмат машинасига куч ишлатиб, мажбуран ўтқазишга уринган, шу тариқа унга нисбатан қўпол ва номақбул муносабатда бўлган.

Оқибатда бола бош соҳасидан лат еган ва қаттиқ руҳий қўрқиш ҳолатига тушган.

Болалар омбудсманининг таъкидлашича, ички ишлар ходимларига нисбатан ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, уларнинг ҳаракатларида вояга етмаган болага нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳамда ИИВ Касб маданияти кодексини бузиш ҳолатлари юзасидан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг бола манфаатларига зид бўлган бу каби ҳаракатларига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди ва бунга жавобан қонун доирасидаги қатъий чора кўрилиши шарт», дея қўшимча қилди болалар ҳуқуқлари вакили.

Ҳозирда омбудсман сўровига кўра Тошкент шаҳри прокуратураси ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш масаласини ўрганмоқда.

2022 йил ёзида Тошкентнинг Яшнобод туманида ППХ инспектори вояга етмаган бола билан қўпол муомалада бўлгани акс этган видео тарқалганди. Ходим болага унинг видеоси, жумладан, «юзини интернетга чиқаришга ҳаққи йўқлигини» айтиб, акс ҳолда, уни ва ота-онасини судга бериш билан қўрқитган.

«Ички ишлар органлари ходимлари ёдингизда тутинг. Сиз халқнинг хизматидасиз. Сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз фуқароларнинг кўз олдида бўлгани учун одамлар сизнинг хизматингизни тасвирга олишига доим тайёр туринг. Камерадан ҳеч ҳам чўчиманг, асабийлашманг. Ҳар қандай вазиятда хизматингизни давом эттиришга шай бўлинг», — дея ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ходимларга мурожаат қилганди ўшанда.

2023 йил кузида эса Фарғона шаҳрида фарзанди билан тиланчилик қилаётган аёлни тепиб, машинага ўтиришга мажбурлаган ППХ ходими ишдан бўшатилган. Вилоят ИИБ аёл «фаол қаршилик кўрсатиб, қўлидаги боласини ерга ташлаб юбормоқчи бўлган»ини билдирган.