Ижтимоий тармоқларда 1 февраль Тошкент шаҳрида 52-сонли автобус ҳайдовчиси автобусни қўпол равишда бошқариши оқибатида йўловчи аёл ва унинг қизи тан жароҳати олгани ҳақида хабар тарқалди.

Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси муносабат билдираркан, воқеа 1-автобус саройи филиалига бириктирилган 52-сонли автобус ҳайдовчиси А.А. томонидан содир этилганини қайд этди.

Ҳайдовчи йўловчи ташиш қоидаларини бузган, ўзига бириктирилган автобусни эҳтиётсизлик билан бошқариб, йўловчилар автобусга чиқиб бўлмасидан автобус эшикларини ёпган.

Оқибатда 2 нафар йўловчи (аёл ва унинг қизи) тан жароҳати олган. Ўзининг хизмат вазифасини суиистеъмол қилгани учун ҳайдовчи А.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Компания фуқаролардан юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда 1062 ишонч телефони ёки АТТО мобил иловаси орқали мурожаат қилишларини эслатиб ўтди.