2023 йилда Ўзбекистонда 3575 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди, бу 2022 йилга (3116 нафар) нисбатан 14,7 фоизга кўп, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ҳукм чиқарилган мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари сони 3412 тани ташкил этди ёки 2022 йилга нисбатан (2965 та) деярли 15,1 фоизга кўпайди.

Судланганларнинг 49 таси (2022 йилда 110 таси) вазирлик, идора ва ташкилотларнинг республика, 267 (264) таси вилоят ва 3259 (2742 таси) туман (шаҳар) бўлинмалари ходимларидир.

Мансабдор шахслар қуйидаги жиноятлари учун жавобгарликка тортилган:

  • ўзганинг мулкини ўғирлаш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш — 2205 (2022 йилда — 2103);
  • мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш — 397 (265);
  • фирибгарлик — 272 (243);
  • порахўрлик — 195 (169);
  • мансаб сохтакорлиги — 36 (51);
  • мансабга совуққонлик билан қараш — 25 (22);
  • ваколатидан четга чиқиш — 30 (14);
  • бошқа жиноятлар — 415 (249).

Лавозим жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига, ҳисоб-китобларга кўра, 1,546 триллион сўм (2022 йилда — 1,12 триллион сўм) миқдорида зарар етказилган бўлса, дастлабки тергов жараёнида 1,31 триллион сўм (847 миллиард сўм) ундирилган. Қопланган зарар улуши 84,7 фоизни ташкил этди (2022 йилда — 83,6 фоиз).