Ўзбекистондаги аэропортларни бошқарувчи Uzbekistan Airports компанияси ҳайдовчилик гувоҳномалари мамлакат ичидаги парвозлар учун рўйхатдан ўтишда қачондан бошлаб шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олина бошланиши юзасидан изоҳ берди.

Янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июндаги 389-сон қарорига мувофиқ, шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақомига эга. Янги гувоҳномалар ўша йилнинг октябрь ойида берила бошланган.

Уларда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ) ҳамда қурилмалар билан масофадан туриб маълумот алмашишга имкон берувчи махсус электрон белги (NFC смарт-карт) мавжуд.

Uzbekistan Airports тасарруфидаги аэропортларнинг фаолияти республика транспорт соҳасига оид ҳужжатлар, жумладан, ўзгартиш ва қўшимчалар билан тартибга солинишини ҳамда юқори вазирлик ва идоралар томонидан ижро учун юборилишини қайд этди.

«Мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирда аэропортларда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинадиган ва йўловчиларга улардан фойдаланган ҳолда ички йўналишдаги рейсларга рўйхатдан ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг (ҳайдовчилик гувоҳномаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, ҳарбий гувоҳнома ва бошқалар) якуний рўйхатини идоралараро тасдиқлаш ишлари якунланмоқда», — дейилади компания хабарида.