Октябрь ойидан муомалага киритилиши лозим бўлган янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси шахсни тасдиқловчи расмий ҳужжат мақомига эга бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 19 июндаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат билан ҳукуматнинг 2 мартдаги «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий етиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz"да май ойида қоғоз шаклидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини шунчаки пластик кўринишга алмаштириш ўрнига смарт-карта базасида «ақлли» гувоҳномалар жорий этиш таклифи билдирилган мақола эълон қилинган эди. Янги қарорда қандай яхшиланишлар кўзда тутилган?

Янгиланган матнда келтирилишича, гувоҳномада жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ҳамда қурилмалар билан масофадан туриб маълумот алмашишга имкон берувчи махсус электрон белги (NFC смарт-карт) мавжуд бўлади.

Худди шундай элементлар автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада ҳам бўлади (юридик шахснинг транспорт воситаси учун шахсий идентификация рақами ўрнига солиқ тўловчининг идентификация рақами бўлади).

Ҳужжатда аниқлик киритилишича, ҳар икки гувоҳнома тавсия этилган халқаро стандартлар асосида тайёрланади. Уларда инглиз тилидаги таржима яхшиланган бўлиб, айрим элементларнинг жойлашуви қайта кўриб чиқилган.

Гувоҳномаларни янги намунадагилари билан алмаштириш учун ҳайдовчи паспорти, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унга берилган талонни тақдим этиши кифоя қилиши белгиланди.

Гувоҳномаларда электрон тизим жорий этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан бошлаб техник кўрикдан ўтганлик тўғрисидаги қайдни мажбурий киритиш, автотранспорт воситасидан фойдаланиш ёки унга эгалик қилиш тўғрисидаги ишончнома ҳамда транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш полисини талаб қилиш амалиёти бекор қилинади.

Ички ишлар тизимида давлат хизматларини кўрсатиш даражасини яхшилаш учун ИИВ ҳузурида Инновацион лойиҳалар ва аҳолига сервис хизматини кўрсатиш маркази ташкил этилади.