Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ота 4 ёшли боласини ширинлик сўрагани учун сўкиб, калтаклаганди. Вилоят судлари матбуот хизмати эркак 10 суткага қамалганини маълум қилди.

Тармоқларда тарқалган видеода 42 ёшли эркак А.Э. боласини дўконга олиб боришни ҳамда турли хил ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришни сўрагани учун икки қўлидан қисиб ушлаб, сўккани ва силталаганини кўриш мумкин. У боланинг қорнига тепиб, юзига тарсаки туширган, тана аъзоларини синдириб ташлашини айтиб қўрқитган.

1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди қарори билан А.Э. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 59−2-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилди. Унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.