Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида эркак фарзандини уриб, сўкаётгани ва шафқатсиз муносабатда бўлаётгани акс этган видео тарқалди.

Видеода эркак боласининг икки қўлидан қисиб ушлаб, бир ишни бошқа қайтармаслигини айтиб сўккани ва силталаганини кўриш мумкин. Унинг қорнига тепиб, юзига тарсаки туширган, тана аъзоларини синдириб ташлашини айтиб қўрқитган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, ҳолат шаҳаринг «Темирйўлчи» маҳалласида яшовчи 42 ёшли эркак томонидан 28 январь куни содир этилганини маълум қилди.

У яшаш уйида 4 ёшли ўғлини ҳар куни дўконга олиб боришини ҳамда турли хил ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришини сўрагани учун қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, енгил тан жароҳати етказган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-модда (Ҳақорат қилиш) ва 59−2-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган ва тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.