Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги «Газета.uz» таҳририяти биноси томига ҳаво сифатини ўлчовчи IQAir датчиги ўрнатилди. У аллақачон iqair.com порталида Gazeta Head Office номи остида кўрсатилмоқда ва маълумотларни умумий тармоққа етказмоқда.

Датчик Паркент ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасига яқин ҳудудда жойлашган «Газета.uz» офиси атрофидаги ҳаво сифатини кўрсатади.Датчик Паркент ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасига яқин ҳудудда жойлашган «Газета.uz» офиси атрофидаги ҳаво сифатини кўрсатади.

Тез орада «Газета.uz» сайтида ўлчов ускуналари маълумотларини акс эттирувчи бўлим пайдо бўлади. Атмосфера ифлосланиши билан боғлиқ вазиятни баҳолаш учун аввалги кунлардаги маълумотлар ҳам кўрсатилади.

Келгусида Тошкент шаҳрида ўрнатилган бошқа датчиклардаги маълумотларни қўшиш ҳам режалаштирилган. Маълумки, ҳозирда кўплаб ташкилотлар датчиклар ўрнатмоқда. «Газета.uz» бир қатор датчик эгалари билан музокаралар олиб бормоқда. Аввалроқ Экология вазирлиги яқин ойларда пойтахт ва вилоятларда кўплаб датчиклар ўрнатиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эди.

«Газета.uz» сайтидаги ҳаво тозалиги кўрсаткичлари iqair.com порталидаги каби АҚШ ҳаво сифати стандартларига мувофиқ созланади. Шунингдек, географик жиҳатдан Ўзбекистонга яқинроқ бўлган Жанубий Корея стандартларига ўтиш имконияти мавжуд бўлади. Албатта, ҳаво сифати бўйича миллий стандартлар ҳам тасдиқланиши билан қўшилади.

«„Газета.uz“ кўп йиллардан буён атроф-муҳит ва инсон саломатлигига оид мавзуларда, жумладан, ҳаво сифати, дарахтларнинг аҳамияти, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, қулай ва хавфсиз яшаш муҳити ҳақида ёзиб келади», — дейди нашр бош муҳаррири Азамат Атаджанов.

«Ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши ниҳоят жамиятда ҳам, энг юқори доираларда ҳам кенг муҳокама қилинаётганидан хурсандмиз. Одамлар глобал антирейтинглар бўйича етакчи шаҳарда яшашни хоҳламасликлари ҳақида очиқ гапира бошлади. Зеро, биз, фарзандларимиз ва ота-оналаримиз нафас олаётган ҳаво сифати бевосита ҳаётимиз сифатини белгилайди», — дея қўшимча қилди у.

«Газета.uz» ҳаво сифати датчигини ўрнатиш ҳамда оператив ва архив маълумотларини эълон қилиш орқали аҳоли ўртасида хабардорликни ошириш ва бизни ўраб турган муҳитни яхшилашга ҳисса қўшишга умид қилмоқда.