Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2023 йилда 11 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Камбағалликни қизқартириш ва бандлик вазирлиги хабар қилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Статистика агентлиги томонидан 2023 йил учун Ўзбекистонда камбағалликни даражаси таҳлил қилинди. Статистика агентлиги томонидан ўтказилган 16 мингта уй хўжаликлари кузатувларига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2023 йил якунида 11 фоизгача пасайди.

Ўзбекистонда ўтган йилга нисбатан 3,1 фоизга камбағаллик қисқарган. 2022 йил натижаларида камбағаллик даражаси 14 фоизни ташкил этган. Жараён Жаҳон банки экспертлари томонидан текширилди.

Камбағалликнинг пасайиши барча вилоятларда қайд этилди. Сирдарё (19,5 фоиздан 13,8 фоизгача), Андижон (17,4 фоиздан 11,9 фоизгача) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (19,9 фоиздан 13,7 фоизгача) сезиларли даражада қисқарган.

Минимал ўзгаришлар Тошкент шаҳри (8,5 фоиздан 7,9 фоизгача) ва Бухоро (11.9 фоиздан 11,8 фоизгача), Қашқадарё (12,7 фоиздан 11,5 фоизгача) вилоятларида аниқланган.

Қайд этилишича, 2023 йилда жами 4,1 млн аҳоли, шундан 2,3 млн нафари доимий ва мавсумий иш ўринларида, 112,8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларида, 1,6 млн аҳоли ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бандлигини таъминлашга эришилган.

Ҳоким ёрдамчилари кўмагида 241,3 минг нафар фуқароларга ижара асосида ер майдонлари ажратилган. «20 минг тадбиркор 500 минг малакали мутахассис» дастури доирасида 6 745 та тадбиркорлик субъектлари билан 455,0 минг нафар аҳолини бадлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Шунингдек, 472 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 10 трлн сўм имтиёзли кредитлар ва 73 минг нафар ишсиз фуқароларга 356 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Маҳаллабай ишлаш асосида 51 мингта микролойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 206 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Камбағал оилаларни «Индивидуал дастур»лар тузиш орқали 2023 йилда 208 минг оиланинг 873 минг оила аъзоси камбағалликдан чиқарилган бўлса, 2024 йилда камбағалликдан 150 минг оила (ва унинг 700 минг оила аъзоси) чиқарилиши режалаштирилган, дейилади хабарда.