Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани айтилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мавзусидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Келтирилишича, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 млн нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашган, даромадли иш билан банд қилган. Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланди, дейилади хабарда.

Президент бу ишларни 2023 йилда давом эттириш, бандликни таъминлаш бўйича барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарларига аниқ топшириқлар берди. Жумладан, 2023 йилда 5 млн нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, 2 миллионта доимий иш ўрнини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Мисол учун, Андижон вилояти жорий йилда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 40 мингта, пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш ҳисобига 75 мингта ва мавсумий ишлар орқали 200 мингта, маҳаллаларда микромарказлар ташкил этиш, саноат зоналарида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва марказий кўчаларни хизматларга ихтисослаштириш, савдо-сервис объектларини барпо этиш ҳисобидан 135 мингта; оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан 20 мингта иш ўринлари яратишни режа қилган», дея таъкидланган йиғилишда.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида картошкачиликни йўлга қўйиб, 10 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, боғларнинг суғориш тизимини тиклаш ҳисобига 2 минг, Кўкдалада тарвуз экишни йўлга қўйиб, 32 минг, Миришкорда дала четларига тут эктириш ҳисобига пиллачиликда қўшимча 6 минг аҳолини даромадли қилишни режа қилган.

«Қолган вилоятлар-чи? Бу борада ҳудудларнинг дастурлари билан бирма-бир танишиб чиқдим. Очиқ айтиш керак, айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган», — деди президент.