Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 17 ёшли қизни турмуш қуришга ундаб, тазйиқ ва руҳий босим ўтказган йигит қамалди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова.

Аввалроқ қиз М.М. турмушга чиқишга мажбурлангач, болалар омбудсманига мурожаат қилгани, у омбудсмандан аввал ўқишини тугатмоқчи эканини айтиб, ёрдам сўрагани хабар қилинганди. Қизга ҳимоя ордери берилган, ота-онаси эса мажбурий никоҳ учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантирилган.

Бироқ 29 январь куни у болалар омбудсманига такроран мурожаат қилиб, ҳимоя ордери берилган бўлса-да, О.Б. (йигит) унга тазйиқ ва руҳий босим қилишни давом этаётганини баён этган. Ўша куни О.Б. бундай ҳаракатлари учун маъмурий тартибда ушланган.

30 январь куни Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206−1-моддаси (Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик) билан 10 суткага маъмурий қамоққа олинган.