16 январь куни болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи М.М. (2006 йилда туғилган) билан учрашди. Омбудсман матбуот хизмати хабарига кўра, бир кун аввал қиз ёрдам сўраб мурожаат қилган.

М.М. университетда биринчи курсда ўқиётгани ва ўқишини давом эттирмоқчи эканини айтди. Аммо бир неча йилдан буён таниши бўлган О.Б. исмли йигит уни турмушга чиқишга ундаб, турли босимлар ўтказиб келади. Йигит ва қизнинг ота-оналари эса қиздан розилик сўрамай, унаштирув маросимини ўтказган.

«Ҳозирда О.Б. унга турмушга чиқишимга ундаб, руҳий босим ўтказмоқда», — деди қиз.

Вазият назоратга олиниб, ички ишлар органлари ва прокуратура ходимлари томонидан ўрганилди.

Йигит ва қизнинг ота-онаси аёлни турмушга чиқишга мажбурлаш жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, M.M.га ҳимоя ордери берилди ва унинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилди, дейилади омбудсман хабарида.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47−3-моддасига (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш) кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилганлик учун эса Жиноят кодексининг 136-моддасига кўра, жарима, аҳлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган.