Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги «Ўрмонқурилиш» давлат унитар корхонаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази мансабдор шахслари қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур ташкилотларда Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорнинг аризаси асосида текширув ўтказилган.

Текширув давомида маълум бўлишича, мазкур ташкилотлар мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, тадбиркордан қурилиш лойиҳалари бўйича пудрат шартномаларини расмийлаштириш эвазига 43 минг доллар ва 111,5 миллион сўм пул ундирган. Қайд этилишича, улар бу пулни пора тариқасида олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ўрмонқурилиш» ДУК ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Бош прокуратурага мурожаат қилиш сўралган.