Ижтимоий тармоқларда эркаклар остидан йўл-патруль хизмати ходимини олиб чиқиш учун Damas автомашинасини қўллари билан кўтараётгани акс этган видео тарқалди.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолатга изоҳ берди. ЙТҲ 31 январь куни Қашқадарё вилояти Китоб тумани ҳудудидан ўтувчи «Китоб — Шаҳрисабз» автомобиль йўлининг 3-километрида содир бўлган.

Йўл-патруль хизмати ходими Н.Мусинов соат 16:35 атрофида ҳайдовчининг ҳужжатларини текшириш мақсадида Damas автомашинасини тўхтатмоқчи бўлган. Жезл билан «Тўхташ» ишораси берилганда, ҳайдовчи тўхтамасдан, инспекторнинг устига бошқариб борган.

ЙПХ ходими ўша вақтда яқин атрофда бўлган эркаклар томонидан машина остидан олиб чиқилган ва касалхонага етказилган. Китоб тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, Н.Мусиновнинг боши, юзи, қўли ва оёқларида шилинган, қирилган жароҳатлар борлиги аниқланган.

Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бош прокуратура натижаси бўйича кейинроқ ахборот берилишини маълум қилди.