Шавкат Мирзиёев 29 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда янги уй-жойларнинг қимматлиги масаласини кўтарди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида янги квартираларнинг нархи 1 кв. метр учун 25 млн сўмга ($2027) етяпти. Вилоят марказларида таннарх 8−10 млн сўмга чиқиб кетган. Президент буни қурувчилар учун молиявий ресурс етишмаслиги, бори ҳам жуда қимматлиги билан изоҳлади. Келтирилишича, кредитларнинг энг арзони 20−22 фоиздан берилган. 28 фоиздан берилгани ҳам бор.

«Оқибатда оғирлик кимга тушяпти? Халқимизга тушяпти. Ресурс йўқлиги учун қурувчилар аҳоли маблағларини жалб қилиб, уларни улушдор сифатида расмийлаштиряпти. Бундай шароитда нопок қурувчилар ҳисобига одамларимиз ҳимоясиз қолаётганини кўриб турибсиз», — деди президент.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка кўра, кадастр ҳужжатлари йўқ уйга ипотека кредити бериш мумкин эмас. Президентнинг фикрича, Ўзбекистонда ипотека кредитларини қайта молиялаштириш бўйича компаниянинг ёндашувларини ўзгартириш вақти келди.

Шавкат Мирзиёев бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Ачилбай Раматовга бир ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Ипотека кредитларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш, шунингдек, 200 млн доллар маблағ жалб этиш бўйича топшириқ берди.

Қўчқоров ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовга бир ой муддатда аҳолининг уй-жой қурилишида улушдор сифатида иштирок этишини тартибга солиш ва қурилиш ташкилотларининг айланма маблағларини кўпайтиришни қонуний асосда ташкил этиш вазифаси юклатилди.

«Мана шундан кейин адолат бўлади. Қурувчи ҳам, ҳалқимиз ҳам биздан рози бўлади», — деди давлат раҳбари.

2024 йилда 80 минг хонадонли 1800 та уй-жой қуриш ва «Янги Ўзбекистон» массивларини 38 тадан 45 тага етказиш мақсад қилиб қилинган.

Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда 2023 йилда кўчмас мулк олди-сотди операциялари сони 4,4 фоизга ошгани ҳақида хабар берганди. Янги бинолар 26,9 фоизга, иккиламчи бозордаги уй-жойлар 23 фоизга ошгагн. Ижара нархлари барқарорлашиб, 1 фоизга пасайган.