Европа инвестиция банки (ЕИБ) Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон, шунингдек, Қозоғистон тараққиёт банки билан транспорт лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш бўйича умумий қиймати 1,47 миллиард евролик ўзаро англашув меморандумларини имзолади, деб хабар қилди Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати.

Имзолаш маросими 29−30 январь кунлари Брюсселда бўлиб ўтаётган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқалари бўйича Global Gateway Инвесторлар форуми доирасида ўтказилди.

Молиялаштириш қўшимча капитал жалб этиши кутилмоқда, натижада Марказий Осиёдаги барқарор транспорт лойиҳаларини умумий қўллаб-қувватлаш ҳажми 3 миллиард еврони ташкил этади. ЕИБ, шунингдек, ушбу соҳадаги узоқ муддатли глобал тажрибасини Марказий Осиёдаги ҳамкорлари билан ўртоқлашади — сўнгги ўн йил ичида банк бутун дунё бўйлаб 136,5 миллиард евролик транспорт лойиҳаларини молиялаштирган.

«Транспорт замонавий иқтисодиётларнинг таянчи бўлиб, одамларнинг ҳаракатчанлигини осонлаштиради ва минтақа мамлакатлари ўртасида товарлар, капитал ва хизматлар алмашинувини таъминлайди. Бундан ташқари, барқарор транспортга сармоя киритиш иқлим таъсирини бартараф этиш ва транспорт тармоқларини янада чидамли қилиш учун калит ҳисобланади», деди ЕИБ вице-президенти Тереза Червинска.

«Ушбу келишув Ўзбекистон ва қўшниларимиз учун тараққиётнинг янги даврини англатади. Меморандумни имзолаш орқали биз транспорт соҳасидаги ўзгаришларга йўл очмоқдамиз. Бу ҳамкорлик Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги барқарор транспорт алоқаларини яхшилашга қаратилган умумий мажбуриятимиздир. Ана шу ҳамкорлик туфайли биз нафақат инфратузилмамиз, балки халқимиз фаровонлиги ва яхши яшаши учун ҳам сармоя киритмоқдамиз», — деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев.

Эслатиб ўтамиз, ЕИБ қўшма молиялаштириши Европа ва Марказий Осиё минтақалари ўртасидаги алоқаларни ҳамда барқарор транспорт лойиҳаларини ривожлантиришга 10 миллиард евро ажратиш бўйича Европа ва халқаро молия институтларининг умумий мажбуриятлари доирасида тақдим этилади. Аввал хабар қилганимиздек, инвестициялар, хусусан, Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга хизмат қилади, шунда юклар у орқали 15 кун ичида ўтишига эришилади.