Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан Ниёзов Холмирза Ўзгенович вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Шу сабабли унинг ўрнига 2021 йилнинг 30 январидан Чиноз тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ботир Баҳодирович Алимбеков вазифа бажарувчи этиб тайинланди. У 2020 йилнинг апрелидан 2021 йилнинг январига қадар ҳам вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлганди.

Ботир Алимбеков 1979 йилда туғилган, Тошкент давлат аграр университетини, сўнгра Давлат ва жамият қурилиши академиясини (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси) тамомлаган.

У фаолияти давомида давлат солиқ инспектори (2002−2005), «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий АЖ мутахассиси, туман филиали мудири, раис ўринбосари ва бошқарув раиси (2005−2016), Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи (2016−2017), «Тошкентагрокимёҳимоя» ҳудудий АЖ директорининг биринчи ўринбосари ва жамият директори (2017−2019) лавозимларида ишлаган.