16 январь куни президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда жойлардаги иқтисод бўйича ҳоким ўринбосарлари, вилоят ва туманлардаги иқтисодиёт бўлимлари раҳбарлари инфляцияни жиловлашни ўйламаётгани танқид қилинди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга кўра, 2023 йилда инфляция 9 фоиздан пасайган. Лекин кўплаб масалалар нарх-наво ошиб, одамлар норози бўлганидан сўнг «қўл бошқаруви» билан ҳал бўлмоқда.

Таъкидланишича, нарх қимматлагани учун 61 турдаги истеъмол маҳсулотларига нисбатан божхона божлари бекор қилинган, аммо ушбу маҳсулотларни Ўзбекистонда кўпайтириш орқали инфляцияни жиловлаш ҳақида ўйланмаган.

Фарғона (Фарғона вилояти), Жомбой (Самарқанд вилояти), Эллиққалъа (Қорақалпоғистон), Паркент туманлари ва Янгийўл шаҳрида (Тошкент вилояти) мол гўшти, Конимех (Навоий), Олтинкўл, Бўстон туманлари (Андижон) ва Зарафшон шаҳрида (Навоий) тухум нархи ошганига ушбу ҳудудлар раҳбарлари хотиржам қараб ўтиргани танқид қилинди.

Бош вазирга ушбу туман-шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Аввалроқ мазкур йиғилишда бош вазирга йил давомида аукционга умуман ер чиқармаган Балиқчи, Жалақудуқ, Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманлари ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилганди.