Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 6 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz» сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, шаҳарнинг «Ватан» МФЙда жойлашган кўп қаватли уйда яшаган эр-хотин Н.М. (1967 йилда туғилган) ва З.М. (1970), уларнинг қизи Д.И. (1994), набиралари С.М. (2019), М.Ж. (2017) ва М.Ж. (2021) 26 январь куни туш пайтида вафот этган.

Ўрганишлар натижасига кўра, мўри иситиш қозони (котёл)дан ностандарт ҳолатда ташқарига чиқарилган, оқибатда полиэтилендан ишланган мўри қизиши сабабли киришган жойидан чиқиб кетган. Шу тариқа, хонага ис гази тўпланиб қолган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳумларнинг ўлими сабаби сифатида ис газидан ўткир заҳарланиш ва ўткир юрак нафас етишмовчилиги кўрсатилган.

Терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.