Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ижтимоий тармоқларда E-Auksion электрон савдо платформаси орқали қум-шағал аралашмасини қазиб олишга рухсатнома берилаётгани ҳақидаги танқидларга жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилади.

Мораторий эълон қилинган ҳужжатда айтилишича, дарёлар, қирғоқбўйи ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида қум ва шағал материалларини қазиб олиш ҳуқуқи фақат E-Auksion электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.

Telegram`даги Insider.uz каналида ёзилишича, «бир-иккита айёрларга рухсат бериб, қолганларга тақиқлаш „мораторий“ дейилмайди».

Экология вазирлигининг таъкидлашича, мораторий даврида ушбу дарёлар ўзанларида қум ва шағал қазиб олишга рухсатномалар берилмайди.

Мазкур ҳудудларда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб, мораторийни бузган шахсларга нисбатан табиатга етказилган зарар миқдори 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланади, шунингдек, ушбу қоидабузарликни содир этишда фойдаланилган техника мусодара қилинади.

E-Auksion сайтида неруда бўлмаган материалларни қазиб олишга рухсатномалар фақат мораторий жорий этилмаган ҳудудларда қўлланади. Шу билан бирга, дарёлар ўрнига муқобил тоғли ва тоғ олди ҳудудларида жойлашган альтернатив кон участкаларида қум-шағал қазиб олиш ишлари ташкил этилади.

Шунингдек, вазирлик айни пайтда халқаро ва маҳаллий олимлар иштирокида Чирчиқ дарёсини қайта тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.