«Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2024 йилги илк мавсумига 1 февралдан старт берилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди.

Бунда лойиҳалар киритиш 20 кун — 1−20 февраль саналарида амалга оширилади. Лойиҳаларни саралаш эса 21 февралдан 11 мартгача давом этади. Овоз бериш эса 12−31 март давомида ўтказилади.

Ушбу мавсум учун туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. 2024 йилда лойиҳаларнинг энг юқори қиймати 1 млрд 360 млн сўмни ташкил этади.

Ташаббусли ёки партисипатор бюджетлаштириш — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти.

Маълумот учун, 2023 йилда «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган жиҳозлаш билан боғлиқ лойиҳаларга 2024 йил учун мўлжалланган давлат бюджетидан маблағ ажратиш таклиф этилган.

«Газета.uz» мазкур платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида қўлланма тайёрлаган.