Open Budget лойиҳасида 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган айрим лойиҳалар учун маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирли эълон қилган Буджетномада қайд этилган.

Унда ёзилишича, 2023 йилда Open Budget ахборот порталига келиб тушган ва ҳар бири 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган лойиҳалар таҳлиллари асосида жиҳозлаш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш харажатларига 2024 йил Давлат бюджети лойиҳасида маблағлар кўзда тутилган.

Давлат бюджети лойиҳасида 2024 йилда Ташаббусли бюджет учун 7,0 трлн сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2024 йилда республика бюджетидан 91,9 трлн сўм маблағ ажратилган бўлса, шундан вазирлик харажатлари таркибида 18,1 трлн сўм кейинчалик қайта тақсимланадиган айрим маблағлар назарда тутилган.

Ушбу қайта тақсимланадиган маблағлар қаторида ташаббусли бюджет жараёнларида қўшимча тарзда ғолиб бўлган лойиҳаларни молияштириш учун 2,1 трлн сўм ажратилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда президент лойиҳада қатнашиб, 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратишга кўрсатма берганди.