Тошкент шаҳрида 2023 йил давомида жамоат автобусларидан 241,7 миллион марта фойдаланилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» хабар берди.

Унга кўра, жамоат автобуслари кунига ўртача 662,3 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатди. Бу 2022 йилга нисбатан 62 фоиз га кўп (2022 йилда ўртача 404,4 минг йўловчи ташилган).

Кунлик қатновлар сони ўртача 16 847 тани ташкил этди. Кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 59,8 фоизга ошди (2022 йилда кунлик қатновлар сони ўртача 10 542 тани ташкил этган).

2023 йил давомида жами 6 млн 149 минг 147 та қатнов амалга оширилди.

Бугунги кунда пойтахт жамоат транспорти тармоғи 165 та йўналишдан иборат. Унда 1 кунда ўртача 1700 га яқин автобуслар йўналишда йўловчиларга хизмат кўрсатади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Транспорт вазирлиги пойтахтда енгил транспортга нисбатан автобуслар 135 баробар самаралироқ экани ҳақида таҳлилларни эълон қилганди. Унга кўра, битта енгил автотранспорт воситасида бир кунда ўртача 4,3 нафар, битта автобусда эса ўртача 580 нафар йўловчи ташилмоқда.