Транспорт вазирлиги таҳлилларга таяниб, Тошкент шаҳрида автобуснинг енгил транспортга нисбатан самарадорлиги 135 баробарни ташкил этаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, пойтахтда битта енгил автотранспорт воситасида бир кунда ўртача 4,3 нафар йўловчи, битта автобусда эса ўртача 580 нафар йўловчи ташилмоқда. Ўтказилган транспорт макромодели таҳлилларига кўра пойтахтдаги мобил аҳолининг кунлик ҳаракатланиш (қатнов) сони ўртача 9 миллионни ташкил этиб, шундан 6 миллион қатнов транспортда амалга оширилади.

Транспортда амалга оширилаётган қатновларнинг 1,7 миллионтаси (28 фоиз) жамоат транспорти, 4,3 миллионтаси енгил автотранспорт ҳиссасига тўғри келмоқда.

Инфографика: Транспорт вазирлиги матбуот хизматиИнфографика: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати

Пойтахтнинг транспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий 73 та кўчасининг узунлиги 472 кмни ташкил этиб, ўртача 380−400 мингта автотранспорт ҳаракатланишига мўлжалланган. Ҳозирда шаҳарда кун давомида ўртача 1 миллионга яқин автотранспорт ҳаракатланмоқда. Бу йўлларда бир вақтда ҳаракатланиш сиғимидан 2 баробар кўп ҳисобланади.

Аввалроқ октябрда Тошкентда автобуслар йўловчиларга 25 млн мартадан ортиқ хизмат кўрсатганди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83 фоиз ёки қарийб 9,4 млн нафарга кўп демакдир.